Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сайловлар ўтди, натижалар ҳали йўқ...

Сайловлар ўтди, натижалар ҳали йўқ...

Фостен-Арканж Туадера нутқ сўзламоқда.

Фото: André Bâ / Xinhua / AP Подробнее на РБК: https://www.rbc.ru/politics/23/12/2020/5fe30e5c9a79476746fc6c81

Марказий Африка Республикаси «Қора қитъа»нинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, 27 декабрда бу ерда парламент ва президентлик сайловлари ўтказилди.

Мамлакат нафақат ўз етакчисини танламоқда, балки 140 нафар депутатдан иборат парламентнинг депутатларини ҳам сайламоқда. Президентлик учун 17 нафар номзод кураш олиб борди. Экспертларнинг фикрича, амалдаги президент яққол пешқадамлик қилмоқда.

Миллий сайлов комиссияси президент Матиас Бартелеми Морубанинг маълум қилишича, «сайловлар қонунларга мос ҳолда ўтди ва 1,8 миллион сайловчиларнинг овоз бериши учун барча шароитлар яратиб берилди. Комиссия ихтиёрида овозларни ҳисоблаш учун 8 кун вақт бор. Агар кимдир овоз бериш натижаларига эътирози бўлса, Конституциявий судга мурожаат этиши мумкин».

Расмий натижалар кейинги йил 4 январда эълон қилиниши кутилмоқда. Қонунга кўра, агар бирор бир номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаса, 14 февралда қайта овоз бериш ўтказилади.

Таъкидлаш керакки, мамлакат фойдали қазилмаларга ниҳоятда бой бўлса-да, дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Аҳолининг 75 фоизи қашшоқликда умргузаронлик қилмоқда. Ялпи ички маҳсулоти 4 миллиард бўлиб, унинг аҳолига нисбатан улуши бўйича жаҳонда 186-ўринда бормоқда.

Энг ёмони, ушбу давлат сайёрамиздаги энг нотинч мамлакатлардан бири. Бу ерда барқарорликни таъминлаш учун БМТнинг тинчликпарвар миссияси – МАРда барқарорлик бўйича БМТнинг кўп профилли комплекс миссияси (MINUSCA) фаолият кўрсатмоқда ва унинг ваколат мандати 2021 ноябрь ойида ниҳоясига етади. «Кўк каскали»лар сони 12,8 минг кишига тенг ва аксарият ҳарбийлар руандаликлардир. 

19 декабрда қуролланган мухолифат ҳукуматга қарши «Ўзгаришлар учун ватанпарварлар коалицияси»ни тузишди. Сайловларга босим ўтказиш мақсадида улар пойтахтга қараб йўл олишди, уни эгаллаб олишга уриндилар.

Тинчликпарвар кучлар пойтахт Бангига зудлик била кўчирилиши натижасида бу нохуш режа амалга ошмай қолди ва улар вазиятни ўз назоратига олишди. Бироқ мухолифатчилар пойтахтга элтувчи йўлдаги қатор шаҳарлар ва аҳоли манзилгоҳларини эгаллаб олишди.

Фото: Фостен-Арканж Туадера

Улар амалдаги президент Фостен-Арканж Туадеранинг сайловнинг биринчи босқичида ғалаба қозониш режасига ҳалақит беришга, навбатдаги турга қадар нотинчликдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишмоқда.

Собиқ президент асосий ўйинчи...

Амалдаги давлат раҳбари бу ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар ортида мамлакатни ўн йил бошқарган собиқ президент, 74 ёшли генерал Франсуа Бозизе турганини таъкидламоқда.

Аслида Франсуа Бозизе 2019 йил декабрда олти йиллик эмиграциядан кейин мамлакатга қайтиб келган эди. У 2003 йилда ҳарбий тўнтариш ортидан президент бўлиб олганди. Аммо 10 йилдан кейин унинг ўзи ҳам «Селека» коалицияси отрядлари томонидан давлат тўнтариши натижасида ағдарилган ва Камерунга қочиб кетган эди.

«Селека» асосан мусулмон озчиликдан тузилган коалиция бўлиб, Франсуа Бозизе эса мамлакат аҳолисининг 85 фоизлик христиан динига эътиқод қилувчи кўп сонли дин вакили эди.

Франсуа Бозизе

Собиқ президент саройга қайтишни истаб, навбатдаги сайловларда иштирок этишни эълон қилди, бироқ Конституциявий суд уни номзодлар рўйхатидан чиқариб ташлади. У ўз вақтида сиёсий, жумладан ноқонуний ҳибсга олишлар ва рақибларини қийноққа солиш каби жиноятлари учун халқаро қидирувга берилган эди. Қолаверса, унга инсониятга қарши жиноятлар қилган ҳарбий гуруҳларни қўллаб-қувватлагани учун БМТ санкциялари амал қилмоқда.

Ҳокимиятпараст собиқ президентнинг бошқа чораси қолмагач, у очиқдан-очиқ мухолифат етакчиси Анисе-Жоржа Дологелени қўллаб-қувватлашини билдирди.

Албатта, Дологеле ғалаба қозонса ҳам унинг ортидан туриб мамлакатда катта таъсирга эга бўлиб қолаверади. МАРдаги энг кўп сонли этник гуруҳ – гбайя қабиласи вакиллари ҳам генералнинг тарафдорлари ҳисобланади. Қолаверса, армия кучлари таркибида ҳам унинг тарафдорлари ниҳоятда кучлидир.

Беқарорликларга нуқта қўйиб бўлмаяпти...

2013 йилдаги тўнтаришдан сўнг ҳам вазият ўнгланмаган эди. Ўшанда «Селека» мусулмон коалицияси билан христианлар ҳамда маҳаллий динларга эътиқод қилувчи анимистлардан иборат «Антибалака» ҳаракати ўртасида қонли фуқаролик уруши бошланиб кетди. Олти мингдан ортиқ яқин киши қурбон бўлди ва беш миллионли аҳолининг 1,1 миллиони қочқинга айланди.

Оқибатда 2016 йилдаги сайловларда «Селека» етакчиси, мамлакат тарихидаги илк мусулмон президент Мишел Жотодию ўрнини Фостен-Арканж Туадерага бўшатиб берди. Аммо у ҳам фуқаролар урушига узил-кесил нуқта қўя олмади.

Сайловдан кейин барқарорликни сақлаш учун бу ерга киритилган француз ҳарбийлари ҳам бунга муваффақ бўлолмади. Зиддиятлашаётган томонлар ўртасида охирги 13 йилда эришилган 11 та сиёсий келишувлар кутилган самара бермади. Ҳукумат мамлакатнинг атиги учдан бирини назорат қилмоқда, холос.

Қўшнилар рақобати, Россия ва Франция иштироки...

МАР заминидаги бебаҳо олмос, уран, олтин, нефть ва бошқа фойдали қазилмаларни ўз таъсирига олишни истаётган ташқи кучларнинг фаоллашуви ҳам ички вазиятга таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, мамлакатнинг ўрмон ва гидроэнергия ресурсларига бойлиги ҳам унинг жозибадорлигини оширмоқда.

Масалан, қўшни Чад ва Конго Республикасининг бевосита иштирокида жуда қисқа муддатда ҳукуматга қарши коалиция шакллантирилгани ташвишланарлидир. Аммо уларни сиқиб чиқаришда ва ҳукуматнинг мустаҳкам туришида руандаликлар муҳим рол ўйнамоқда.

Бу ердаги тинчликпарвар кучларнинг 6,5 минг ҳарбийси айнан руандаликлар бўлиб, улар руслар билан иттифоқчиликда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни олиб бораяпти.

Руанда Президенти Поль Кагаме икки томонлама битим асосида БМТ Низомининг 7-бандига мувофиқ ҳаракат қилаётган «кўк каскали»лардан фарқли равишда руандаликларга агар ҳужум бўлса, огоҳлантиришларсиз қуролни ишлатиши мумкинлигини ва қўшниси ҳудудига яна мингга яқин аскарлар юборилишини таъкидлаб ўтди.

Путин бошчилигидаги рус ҳарбийлари ҳам беқарор ҳудудларга тезкор кириб бориши билан танилиб қолди. 21 декабрда Россиядан 300 аскарнинг ҳукумат кучлари таркибига келиб қўшилиши, йўриқчилар, қурол яроқ ва ҳарбий техникалар етказиб берилаётгани, жумладан, 20 та зирҳли автомобиллар (БРДМ-2) келтирилгани вазиятни ўзгартирмай қолмади.

Путин ва Туадера

Улар МАРнинг мунтазам армиясини замонавий ҳарбий билимларга ва техникаларга ўқитишади, ўргатишади. Шунингдек, рус компаниялари ёллаган хусусий қўриқчилар мамлакат президентининг хавфсизлигини бевосита таъминлашмоқда.

Яқин истиқболда Россия бу ерга дори воситалари, автомобиллар, кон ва қишлоқ хўжалиги техникалари, буғдой, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилувчи воситаларни етказиб бериши мумкин. Ҳатто русларнинг ҳарбий базаси пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Бунинг эвазига рус миллиардери Евгений Пригожинга тегишли «Lobaye Invest» компанияси мамлакат олтин ва олмос конларидан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши кутилмоқда.

Бундай шиддатли жараёнлар 1960 йилдан буён бу ерда энг катта сиёсий ва ҳарбий таъсирга эга бўлиб келган расмий Париж ва Вашингтоннинг жиғига тегмоқда. Улар Москванинг Африка ишларида фаоллашиб кетишини исташмайди. Аммо улар ҳам Франсуа Бозизенинг мамлакатда беқарорликни келтириб чақаришга урунишларини ёқламаяпти.

Французлар парламент собиқ спикери, пойтахт ҳокими, 2014-2016 йилларда вақтинчалик президент бўлган Карим Мекассуани раҳбар бўлишини истамоқда, бироқ бу фақат назарий жиҳатдан бир вариант холос. Шу тариқа сайлов натижалари эълон қилингунига қадар ва ундан кейин ҳам МАРда тинчлик ва осойишталикни сақлаш энг жиддий муаммо бўлиб қолаверади.

Чарос Қосимова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг