Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Савод ва сиёсат. Америкалик ўқитувчи президент Трампнинг мактубидан ўнлаб хато топди

Савод ва сиёсат. Америкалик ўқитувчи президент Трампнинг мактубидан ўнлаб хато топди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғонга йўллаган таҳдидли мактуби ҳафта давомида кўп ва хўб муҳокамаларга сабаб бўлди. 9 октябрь куни – Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт бошлаши арафасида йўлланган ва орадан бир ҳафта ўтиб матбуот сиздирилган нома энг аввало дипломатик одоб қоидаларига зид экани билан эътиборни тортади.

Дональд Трамп ижтимоий тармоқдаги луқмалари ва умуман сиёсий «юзингда кўзинг борми» демай тишли-тиғли фикр билдириши билан танилган. Оқ уй етакчисининг Туркия президентига мактуби ҳам шу йўсинда битилган. Нома муаллифи Туркия иқтисодиётини кунфаякун этиш билан таҳдид қилади. Боз устига, бутун бошли давлат етакчисига «аҳмоқлик қилманг» дея кўча тилида танбеҳ беради.

Расмий Анқара Оқ уйдан йўлланган номани дипломатия таомилларга зид деб баҳолади. Хабарларга қараганда, ҳамкасбининг иддаоли битигидан дарғазаб бўлган Туркия раҳбари мактубни чиқинди қутисига улоқтирган.

Жамоатчилик мактубнинг сиёсий оҳангини муҳокама қилаётган бир пайтда америкалик унинг инглиз тили қоидаларига нечоғли мослигини текширди.  Нью-Йоркда яшовчи Жо Эллен Берриман ўз саҳифасида эълон қилган суратда президентнинг гажакдор имзоси қўйилган мактуб «лолазор»га айланганини кўриш мумкин.

Номаълум қаҳрамон матндаги сакталиклар, услубий ғализликлир, грамматик хатоларни ҳафсала билан тўғрилаб чиққан. Разм солиб қаралса, матнда соғ гапнинг ўзи йўқ, деярли ҳар бир жумлага қалам урилган. 

Президент Трамп қаламига мансуб битиклар аввал ҳам жиддий таҳрирга учрагани маълум. Масалан, 2018 йили нафақадаги ўқитувчи Ивонн Мейсон Оқ уйдан келган мактубдан ўнлаб саҳву хатоларни топиб, интернет юлдузига айланганди.

Жоржия штатида яшовчи муаллима матбуотга интервьюсида бу қадар қўпол хатоларга тўла мактубни илк бор олганини баён қилиб, нома муаллифи кўпи билан «С» ёки «D» (биздаги «3» ёки «-3»га тўғри келади) баҳога лойиқлигини айтган.

Президент Трампнинг ёзишма ёки музокараларда сўзларни хато талаффуз қилиши, мамлакат ва шахсларни чалкаштириб юбориши тез-тез кузатилади. Масалан, у бир гал Испания бош вазирини «Испания президенти» деб атаган. Apple компанияси бош директори Тим Кукка эса «Тим Эппл» дея мурожаат қилган. Табиийки, давлат раҳбарининг бу каби «хол қўйиш»лари матбуот ва ижтимоий тармоқда эътирозларга сабаб бўлади. Аммо Дональд Трамп бу борадаги танқидларга парво қилмайди. Американинг амалдаги раҳбари ўзини «даҳо» деб атаб, мухолифларини ўзининг фавқулодда камёб ақлий қобилиятига шубҳа қилмасликка ундайди.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг