Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саркаш президентнинг боши учун 15 миллион доллар мукофот ваъда қилинди (фото)

Саркаш президентнинг боши учун 15 миллион доллар мукофот ваъда қилинди (фото)

Анъанага кўра муштарийлар эътиборига ҳафта давомида рўй берган энг муҳим 7 ҳодиса ҳавола этилмоқда.

1. Дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши курашга андармон бўлиб қолганидан фойдаланган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин бир ой муддат ичида тўртинчи бор ракета синови ўтказди. Баллистик ракета Япон денгизи томон йўналтирилган. Жанубий Корея ҳамда Япония расмийлари қўшни мамлакат раҳбариятининг ушбу хатти-ҳаракатини кескин қоралади. БМТ Хавфсизлиги кенгаши резолюциясига кўра, Шимолий Корея ракета синови ўтказиши тақиқланади.
Фото: «KCNA»
2. АҚШ ҳукумати Венесуэланинг саркаш президенти Николас Мадуро ва бошқа бир қатор юқори мартабали мансабдорларни гиёҳвандлик моддалари савдосига алоқадор деб эълон қилди. Расмий Вашингтон президент ва унинг аъёнларига доир маълумот учун 15 миллион доллар мукофот ваъда қилди. Венесуэла бир йилдан буён сиёсий бошбошдоқлик ва қўшҳокимият шароитида кун кечирмоқда. Мухолифат етакчиси Хуан Гуайдо рақиби Николас Мадуро ҳокимияти легитимлигини рад этиб, ўзини президент деб эълон қилган. АҚШ, Европа ҳамда Лотин Америкасининг қатор давлатлари Хуан Гуайдони қонуний президент деб тан олган. Россия эса Мадурони қўллаб-қувватламоқда. Фото: «AFP»
3. Human Rights Watch Миср ҳукуматини вояга етмаган болаларни қийноққа солишда айблади. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Миср куч ишлатар идоралари 2013 йилдан кейин 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган юзлаб ўсмирларни ҳибсга олиб, уларга ноинсоний муносабатда бўлган, яна ўнлаб бола дом-дараксиз йўқолган. Фото: «HRW»
4. Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида рўй берган 5,5 балли зилзила оқибатида 27 киши жароҳатланди, 15 ёшли қиз вафот этди. Юзлаб бинолар, жумладан, тарихий обидалар талафот кўрди. Бу – мамлакатда сўнгги 140 йил ичида рўй берган энг кучли зилзила деб баҳоланди. Фото: «Reuters»
5. Уюшган жиноятчиликка қарши кураш халқаро ташкилоти коронавирус пандемияси даврида дунёда жиноятчилик ҳолати бўйича ҳисобот эълон қилди. 25 бетли ҳужжатда қайд этилишича, кўплаб мамлакатларда карантин ҳамда фавқулодда ҳолат эълон қилингани сабаб дастлабки пайтларда жиноий гуруҳларнинг қўл-оёғи боғланган. Аммо ҳозирга келиб жиноий тўдалар ўзини ўнглаб, соғлиқни сақлаш жабҳасида пул ишлашга уринмоқда. Қайд этилишича, киберфирибгарликлар ҳам авж олган. Фото: «Getty Images»
6. Япония пойтахти Токио шаҳрида айни сакура гуллаган кунларда қалин қор ёғди. Кунчиқар юрт пойтахтида сўнгги 10 йиллар давомида бу ҳол илк бор кузатилмоқда. Фото: «KYODO»
7. Фаластинлик бўлажак келин-куёв эсдалик учун суратга тушмоқда. Коронавирус эҳтиёт чораларни кўришни талаб этаётир. Фото: «AFP»

C.Cалим тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг