Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санкцияларни четлаб ўтишда Россияга кўмак бераётган давлатлар номи очиқланди

Санкцияларни четлаб ўтишда Россияга кўмак бераётган давлатлар номи очиқланди

Россия Европа Иттифоқи ва «Катта еттилик» (G7) жорий қилган санкцияларни айланиб ўтган ҳолда, Украинага қарши урушда ишлатиш учун яримўтказгичлар ва бошқа технологияларни сотиб олишда давом этмоқда.

Бу ҳақда Bloomberg агентлиги европалик юқори мартабали дипломатга таяниб хабар берди.

Россиянинг четдан маҳсулот харид қилиш кўрсаткичи урушга қадар бўлган даражага яқинлашиб қолди. Таҳлиллар ЕИ ва иттифоқчи давлатлар ҳудудида ишлаб чиқарилган замонавий чип ҳамда бошқа технологиялар Россияга Туркия, БАА, Қозоғистон каби учинчи мамлакатлар орқали кириб келаётганини кўрсатмоқда.

Европалик дипломат таъкидича, Хитойдан Россияга маҳсулот экпорти ҳам ошган, Пекин Москва таъминотида тобора муҳим роль ўйнамоқда.

Bloomberg нашрининг ёзишича, Қозоғистон 2022 йилда Россияга 3,7 миллион долларлик яримўтказгичлар экспорт қилган. Ҳолбуки, 2021 йилда атиги 12 минг долларлик яримўтказгич етказиб берилган эди.

2017-2021 йилларда Россия ЕИ, АҚШ, Япония ва Буюк Британиядан йилига ўртача 163 миллион долларлик чиплар сотиб олган. 2022 йилда бу кўрсаткич 60 млн долларга қадар қисқарган.

Женевада жойлашган Trade Data Monitor ташкилоти Шарқий Европа мамлакатлари ҳам рус бозоридаги бўшлиқни тўлдиришга кўмак бераётганини маълум қилган.

Украинага тажовуз ортидан ЕИ ва «Катта еттилик» давлатлари Россияга нисбатан юзлаб санкцияларни жорий этди. Bloomberg хулосасига кўра, амалда айрим йўналишларда санкциялар кутилгандек таъсир кўрсатмаяпти. Oliver Wyman консалтинг ширкати вакили, молиявий жиноятлар бўйича мутахассис Даниэль Таннебаум санкцияларни тўлақонли амалга татбиқ этиш учун назоратни кучайтириш лозим деб ҳисоблайди.

ЕИ ҳамда АҚШ расмийлари дунё давлатларини санкцияларни четлаб ўтиш борасида Россияга кўмак беришнинг салбий оқибатларидан огоҳлантириб келмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Financial Times газетасига берган интервьюсида Россияга бу борада қўшни давлатлар ёрдам бераётгани ҳақида гапирган эди.

Таҳлилларга қараганда, Россия Украинада уруш бошлаганидан буён (2022 йил 24 февраль) бир йил давомида 11300 дан зиёд санкция жорий этилган. Мамлакат бу борада Эрон, Шимолий Корея каби давлатларни ҳам ортда қолдирган.

Аввалроқ ўзбекистонлик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов санкцияларнинг Россия келажагига таъсирини баҳолаб, молиявий жазо чоралари ортидан Москванинг Пекинга қарамлиги ортишини башорат қилган эди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг