Samsung раҳбари яна қамалди
Samsung Electronics вице-президенти ва Samsung Group асосий меросхўри, амалда конгломерат бошқарувчиси Ли Чжэ Ён пора учун икки йил олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Бу ҳақда суд қарорига таяниб Рёнхап агентлиги хабар берди.
Сеул Олий суди Samsung меросхўрини конгломератдаги ҳокимиятини кучайтириш ниятида ҳукуматга пора бергани учун икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилди. Ли Чжэ Ён суд залида ҳибсга олинди.
Samsung собиқ раҳбари Ли Гон Хи 2020 йил 25 октябрда Сеулдаги Samsung шифохонасида вафот этди. Мерос ўтиши бир неча йилга чўзилиши мумкин. 2014 йилда Ли Гон Хи юрак хуружини бошидан ўтказди. Шундан сўнг корпорация назорати амалда унинг ўғли ва Samsung Electronics гуруҳнинг шўъба корхонаси вице-президенти, 52 ёшли Ли Чжэ Ёнга ўтди.
Жанубий Корея прокуратураси Ли Чжэ Ённи 2014 йилда конгломерат устидан назоратни қўлга киритиш учун акциялар билан боғлиқ ноқонуний фирибгарликда ҳамда корпорация ичида компанияларнинг қўшилишида иштирок этганликда айблади. Мазкур жараёнда у Samsungнинг бир қатор шўба корхоналарини бирлаштириш учун давлат томонидан қўллаб-қувватланиши эвазига мамлакат собиқ президенти Пак Кин Хенинг яқин дўстига 8,9 миллиард вон (тахминан 8 миллион доллар) пора берган.
«Судланувчи собиқ президент Пак Кин Хенинг талабларига бўйсунган ва фаол равишда пора берган, отасидан ҳокимиятни олиш учун у билвосита президент қудратидан фойдаланишдек ахлоқсизликларга йўл қўйган», — дейилади судда.
Парк Кин Хе 2017 йилда конгломератлар билан алоқалар учун импичмент, порахўрлик ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш натижасида ҳокимиятдан четлатилган. У ва Чхве Сун Силь бир неча ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ўшанда Ли Чжи Ён ҳам ҳибсга олиниб, беш йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Аммо 2018 йил февраль ойида суд унинг апелляция шикоятини кўриб чиққач, келтирилган пора миқдорини камайтириб, беш йиллик қамоқ жазосини шартли жазо билан алмаштирди. 2019 йил август ойида Олий суд Ли Чжэ Ён томонидан берилган пора миқдорини тиклади ва ишни яна кўриб чиқишга қайтариб берди. Aмалдаги суд ишларида Сеул Олий суди тахминан 8,7 миллиард вон миқдоридаги порани тан олган.
2020 йил октябрь ойида Жанубий Корея Республикаси Олий суди мамлакат собиқ президенти Ли Мён Бакга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдириб, собиқ давлат раҳбари пора олиш ва пулларни ўзлаштиришда айбланиб 17 йил қамоқ жазосига ҳукм қилингани тўғрисида хабар бергандик.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter