Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Салжуқ Байрактар АҚШ учоғини ортда қолдирадиган кашфиёт ҳақида гапирди

Салжуқ Байрактар АҚШ учоғини ортда қолдирадиган кашфиёт ҳақида гапирди

Туркиянинг товушдан тез парвоз қилувчи Kızılelma учоғи бешинчи авлод авиациясида пешқадам бўлиши кутилмоқда. Baykar Makina ширкати техник директори Салжуқ Байрактарга кўра, Kızılelma АҚШнинг F-35 учоғини ҳам ортда қолдириши кўзланган.

Учувчисиз парвоз қилувчи Kızılelma қурилмасининг илк синови 2022 йил декабрь ойида ўтказилди.

«Биз товушдан тез парвоз қилувчи учоқ яратиш устида ишляпмиз. Бу жиҳатдан, Kızılelma авиация соҳасида инқилоб ясайди. У ҳаво жангида классик жанговар самолётларга қарши қўлланади. Учоқнинг илк парвозига қараб уни кўплаб мамлакатларда истифода этилаётган самолётлар билан муқояса қилиш тўғри бўлмайди. У буткул тайёр ҳолга келгач, бир неча кўрсаткич бўйича F-35 учоғини ҳам ортда қолдиради», – дейди Массачусетс технология институти битирувчи Салжуқ Байрактар.

Муҳандиснинг сўзларига кўра, Kızılelma худди F-35 каби бешинчи авлод қирувчи учоқлари сирасига киради. Аммо у турдош учоқлардан фарқли равишда масофадан бошқарилади.

Kızılelma 12 минг метр баландликда 1-1,5 тоннага қадар ўқ-дори билан парвоз қила олади. У авиаташувчи кемадан ҳам ҳавога кўтарилиш ва қўниш хусусиятига эга.

Сўнгги йилларда Baykar Makina ширкати  ишлаб чиқарган Bayraktar русумли дронлар мудофаа бозорида харидоргир бўлиб бормоқда. Анқара ҳозирга қадар мазкур қурилмаларни Украина, Қатар, Туркманистон, Озарбайжон, Қирғизистон каби давлатларга етказиб берган. Туркия ўз тарихида илк бор Европа Иттифоқига ҳам учувчисиз қурилмаларини сота бошлади.

Forbes нашри Туркия ширкати 2022 йилда экспорт борасида рақобатчилари Россия ва Хитойни ортда қолдиргани ҳақида ёзди.

Қайд этилишича, Марказий Осиё давлатлари ҳам ўтган йили катта миқдорда Bayraktar дронларини харид қилган. Масалан, Қирғизистон ва Туркманистон ўнлаб Bayraktar TB2 қурилмаларини сотиб олган. Қозоғистон эса 2022 йил май ойида ўз ҳудудида турк дронларини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришган.

Аввал хабар берганимиздек, Baykar Makina ширкати техник директори Салжуқ Байрактар 2022 йил июнь ойида Бухоро шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форумида қатнашиб, ишбилармонлик ва медиа йўналишида маҳорат дарси ўтган эди. Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар номини эҳтиром билан ёдга олган таниқли тадбиркор туркий дунё янги юзйилликда муносиб даражага кўтарилишига ишонч билдирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг