Россиянинг яна бир қамоқхонасида исён: ходимлар гаровга олинган, қурбонлар бор
Россиянинг Волгоград вилоятидаги Суровикино жазони ижро этиш колониясида бир гуруҳ маҳкумлар исён қилиб, айрим ходимларни гаровга олган. Қурбонлар ва жабрланганлар борлиги айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда ўзларини «Исломий давлат» жангчилари дея таништираётган 3 нафар шахс муассаса ходимларини гаровга олганини эълон қилган.
Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати ҳам мазкур ҳолатни тасдиқлаб, Волгоград вилоятидаги 19-жазони ижро этиш колониясида интизомий комиссия йиғилишида маҳкумлар қамоқхона ходимларини гаровга олгани, айни пайтда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҳаракатлар олиб борилаётганини билдирган.
Гаровга олганлар 2 миллион доллар, учувчиси бўлган бир вертолёт ҳамда «Россиядан қочиш учун жануби-шарқдаги ҳаво йўлаги»ни талаб қилмоқда.
Волгоград масжидидан мулла гаровга олинганлар билан музокаралар олиб бориш учун колонияга олиб келинади, деб хабар берди Mash нашри.
Айрим манбаларга кўра, гаровга олинганларнинг беш нафари турли даражада жароҳатланган. Тергов қўмитаси Волгоград колониясида гаровга олиш бўйича жиноий иш қўзғатди.
Эслатиб ўтамиз, бу Россия қамоқхоналаридаги сўнгги икки ой ичида иккинчи худди шундай ҳолат бўлиб, аввалроқ Ростов вилоятидаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида ҳам ходимлар маҳкумлар томонидан гаровга олинган ва улар махсус амалиёт пайтида жисмонан йўқ қилингани айтилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter