Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россиянинг Қримда олиб бораётган «хавотирли ишлари»га эътибор қаратилди

Россиянинг Қримда олиб бораётган «хавотирли ишлари»га эътибор қаратилди

Россия ҳарбийлари Қримда. 2014 йил, март.

Фото: AFP/Getty Images

Россия Қримни ўз таркибига мажбуран қўшиб олганидан кейин ўтган 10 йил ичида яриморолнинг этник таркибини ўзгартиришга уринмоқда. Бу ҳақда Amnesty International ташкилоти томонидан Қрим аннексиясининг 10 йиллиги муносабати билан чоп этилган ҳисоботда сўз боради.

Тадқиқотга кўра, Россия ўтган йиллар мобайнида Қримдаги украин ва қрим татарлари ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб келмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса бу икки миллатнинг ўзлигини маҳв этиш саналади.

Халқаро ташкилот ҳисоботида қайд этилишича, Москва бутун Қрим яримороли ҳудудида рус бўлмаган миллат вакиллари ўзлигини чеклашга қаратилган сиёсат юритмоқда. Шу мақсадда Қрим аннексия қилиниши билан ҳудудда Россия мактаб дастури жорий этилган, украин тилидаги таълим тизимини йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилган. 

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари нафақат таълим, балки оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам украин ва қрим татар тилларига нисбатан дискриминация сиёсати олиб борилмоқда деб ҳисоблайди.

Кремлпараст ҳукумат Қримдаги мустақил журналистларни таъқиб қилган. Украин тилидаги теле ва радиоканаллар эфирдан олиниб, улар ўрнини Россия ОАВ эгаллаган. Қрим татар тилида фаолият юритган ATR телеканали фаолият чеклангани сабаб таҳририят Украинанинг ички ҳудудига кўчишга мажбур бўлган.

Москва маҳаллий миллат вакилларини сиқиб чиқариш ва яриморолга Россия фуқароларини кўчириб келтириш сиёсатини ҳам юритган.

Ҳисобот муаллифлари фикрича, яриморол аҳолиси, хусусан, қрим татарларининг диний ҳуқуқлари поймол этилган, маҳаллий мусулмонлар сохта айбловлар билан озодликдан маҳрум этилган.

Украина таркибидаги Қрим мухтор республикаси ва Севастополь шаҳри 2014 йил февраль-март ойларида Россия таркибига қўшиб олинган эди. Халқаро ҳамжамият Украина ҳудудлари ноқонуний равишда тортиб олинганини қоралаган.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳар қанча уринмасин, мағлубиятга учраши ва Қрим ҳам қайтариб олиниши ҳақида баёнот берган. 

Қрим татарларининг етакчиси, Украина қаҳрамони Мустафо Жамилов ҳам ватани – Қримга қайтиш ва ўша ерда мангу ором топиш орзусида.

Аввалроқ АҚШнинг Европадаги қўшинлари собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ҳожес 2023 йил август ойи охирида Украина қўшини Россия ишғоли остидаги Қрим яриморолини озод қилиши ҳақидаги фаразни илгари сурган эди. Айни чоқда, тажрибали ҳарбий Украинанинг ҳарбий муваффақияти Ғарб томонидан узоқ масофага аниқ нишонни олиш имконини берувчи қурол-аслаҳа етказишга боғлиқлигини қайд этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг