Россияга яна дрон билан ҳужум қилинди
4 майга ўтар кечаси нефтни қайта ишлаш заводига дрон ҳужум қилди, деб хабар берди Ростов губернатори Василий Голубев ўзининг телеграм-каналида.
«Учувчисиз учиш аппарати заводнинг цехлараро эстакада конструкцияларига қулаб тушди, шундан сўнг у портлаб кетди. Портлаш натижасида юзага келган ёнғин ўчирилди. Ёнғинни ўчиришга ўт ўчирувчилар жалб этилмаган, ёнғин корхона хизматлари томонидан бартараф этилган», — дейилади хабарда.
Ҳокимнинг қўшимча қилишича, қурбонлар йўқ, зарар унчалик катта эмас.
Эслатиб ўтамиз, Кремль матбуот хизмати 3 май куни кечқурун Украина томони Россия президенти қароргоҳига дрон орқали зарба беришга урингани ҳақида баёнот бериб, бу ҳаракатни суиқасд деб атаган эди.
Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоров Кремлга ҳужумга Киевнинг алоқадорлигини рад этган. Унга кўра, Украинанинг мақсади Москвани нишонга олиш эмас, балки босиб олинган ҳудудларни озод қилишдир.
Таҳлилчи Алексей Арестович ушбу ҳодисани провокация деб баҳолаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter