Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россияда қамоқда ўтирган ўзбекларни урушга юборишмоқда — ҳуқуқ фаоли

Россияда қамоқда ўтирган ўзбекларни урушга юборишмоқда — ҳуқуқ фаоли

Россия қамоқхоналарида турли айбловлар билан ҳибсга олинган ва озодликни орзиқиб кутаётган ўзбеклар камми? Уларнинг яқинлари, айниқса шу кунларда юракларини ҳовучлаб яшамоқда. Чунки «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати маҳбусларни турли ваъдалар билан авраб, урушга боришга кўндириши ҳақида эшитишган.

Энди эса бу борада аниқ-тиниқ маълумотлар эълон қилина бошлади.

Россиядаги ҳуқуқ фаоли Ольга Романова телеграмм каналида маълум қилишича, Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган марказий осиёлик, шунингдек, Озарбайжон ва белоруслик маҳбуслар урушга жалб қилинаётгани ҳақида оммавий мурожаатлар тушаяпти.

«Ўтган ҳафтада Ярославлдаги зоналарда ўтирган ўзбекистонлик тўрт фуқарони олиб қололдик. Улар чет эллик ахир! Бугун оқшом эса Бошқирдистондаги қамоқда ўтирган ўзбекларнинг қариндошлари бизга мурожаат қилишди. Уларни олиб кетишибди», деб ёзади Романова.

Муаллифга кўра, чет эл фуқароларнинг урушда ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумот ортидан ҳам мурожаат бўлган: «Урушда ўлган беларуслик маҳкумнинг синглиси акасини ватанида дафн қилиш учун унинг жасадини «Вагнер» ХҲШдан ололмаяпти. Бу ерда ҳеч қанақа пул, ҳеч қанақа товон ҳақида гап ҳам кетмаяпти».   

Ольга Романова жамғармага Ўзбекистон элчихонаси алоқага чиққани ортидан ҳамкорликда иш бошлашганини  таъкидлайди.

«Сиз-чи, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон элчихоналари, фуқароларингизни нега украинларни ўлдиришга юбораётгани билан қизиқмайсизми?» дея у бошқа давлатлар элчихоналарига мурожаат қилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хориждаги юртдошларимизни чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг