Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди 30 ёшгача бўлган россияликлар ҳам армияга чақирилади

Энди 30 ёшгача бўлган россияликлар ҳам армияга чақирилади

24 ноябр куни Россия ҳукумати ҳарбий рўйхатга олиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани парламент томонидан қабул қилинган қонунчиликдаги ўзгаришларга мувофиқлаштириш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган. Ушбу ўзгаришларга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб Россия армиясига 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган эркаклар чақирила бошлайди. Шу пайтгача муддатли ҳарбий хизматчиларнинг максимал ёши 27 ёш эди.

Давлат думаси 25 июлда чақирув ёшини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасига тегишли тузатишларни қабул қилди. Дастлаб, чақирув ёшининг нафақат юқори чегараси, балки энг қуйи чегараси кўтарилиши назарда тутилган эди – 18 ёшдан 21 ёшгача. Бироқ, охир-оқибат, бу ғоядан воз кечишга қарор қилинди - Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполовнинг таъкидлашича, «кўп йигитлар 18 ёшида хизматга боришни хоҳлайди».

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 2022 йил охирида ҳарбий хизматга чақирилиш ёшини 18-27 ёшдан 21-30 ёшга ўзгартиришни таклиф қилди. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш ёши чегаралари босқичма-босқич ўзгартирилиши назарда тутилган эди.

Гайдар номидаги Иқтисодий сиёсат институти тадқиқотчиси Игор Ефремовнинг ҳисоб-китобига кўра, янги ёш чегаралари билан 2024 йилда аввалги кўрсаткичга қараганда тахминан 2 миллион кўпроқ россиялик эркаклар ҳарбий хизматга чақирилади – 6,8 миллион ўрнига 9,14 миллион киши.

Демограф Алексей Ракша ҳам ўз таҳлилига асосланиб, худди шундай рақамни келтирди. Шу билан бирга, тадқиқотчиларнинг қайд этишича, бу тахминий ҳисоб-китоблар бўлиб, аҳолини рўйхатга олиш вақтидаги хатолар, миграция ва бошқа омилларни ҳисобга олишнинг иложи йўқлиги сабабли нотўғри бўлиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг