Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озарбайжоннинг Москвадаги элчихонаси Россия ТИВга норозилик нотаси юборди

Озарбайжоннинг Москвадаги элчихонаси Россия ТИВга норозилик нотаси юборди

Озарбайжоннинг Москвадаги элчихонаси мамлакат ҳудудий яхлитлигига қарши ахборий ҳужум муносабати билан Россия ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси юборди.

Қайд этилишича, Россиянинг «Биринчи канал»идаги «Катта ўйин» («Большая игра») дастурида жорий йил 20-21 октябрь кунлар арман миллатига мансуб россиялик сиёсатшунос ва экспертлар Озарбайжон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига олган, шунингдек, телеэфирда мамлакат жуғрофий харитаси нотўғри акс эттирилган.

Норозилик нотасида «Катта ўйин»  ток-шоуси меҳмонлари ўтмишга айланган зиддиятни қайта жонлантириб, айирмачиликни кучайтираётгани таъкидланган.

Расмий Бокуга кўра, Россия давлат телеканали эфирида бу каби сиёсий провокацияларнинг берилиши Кремль расмий позициясига мос келмайди, айни чоқда, бу минтақада тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга халал беради.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 22 февраль куни икки давлат президенти «Озарбайжон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида»ги декларацияни имзолаган.

Элчихона нотасида айирмачилик руҳидаги ахборот хуружлари ушбу декларация талабларига ҳам зид экани эслатилган.

Норозилик мактубида Россия Давлат думаси халқаро алоқалар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Вячеслав Никонов ушбу сиёсий «спектакл»нинг иштирокчиларидан бири бўлгани таассуф билан қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, «Катта ўйин» дастури ҳамда иқтидордаги «Единая Россия» партияси вакили В.Никонов биринчи маротаба дипломатик можарога сабабчи бўлаётгани йўқ. 2020 йил декабрь ойида В.Никонов «Катта ўйин» эфирида Қозоғистон деган давлат мавжуд бўлмагани, ушбу мамлакат ҳудуди Россия ҳамда Совет иттифоқи томонидан берилган катта совға экани ҳақидаги иддаони илгари сурган, пировардида масалага президент Қосим Жўмарт Тўқаев ҳам муносабат билдирган эди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг