Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия муҳожирлар ҳаётини қийинлаштирмоқчи. ИИВ қандай тақиқлар тайёрламоқда?

Россия муҳожирлар ҳаётини қийинлаштирмоқчи. ИИВ қандай тақиқлар тайёрламоқда?

Россия ички ишлар вазирлиги ноқонуний муҳожирларнинг ҳаётини мураккаблаштирадиган ва улар учун назорат остида бўлиш тартибини жорий этувчи қонун лойиҳасини тайёрлади, бу эса уларга автомобиль ҳайдаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва пул ўтказишни тақиқлайди. Бундан ташқари, Россиянинг бир қатор ҳудудларида 2024 йилдан бошлаб чекловлар қўлланила бошлайди, бу — иш рухсатномаси бўлган муҳожирларга ҳам таъсир қилади.

Назорат остида қолиш режимини Россияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларга нисбатан қўллаш таклиф қилинмоқда. Уларни тегишли реестрга киритиш режалаштирилган. Бунга — вақтинчалик яшаш ва яшаш учун рухсатноманинг амал қилиш муддати тугаши, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ёки виза, вақтинчалик бошпана ва фуқароликни бекор қилиш сабаб бўлиши мумкин.

Қонун лойиҳасига кўра, реестрга киритилган муҳожирлар юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўта олмайди, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказа олмайди ва автомашина сотиб олмайди ёки эгалик ҳуқуқини бошқаларга ўтказа олмайди. Бундан ташқари, ноқонуний муҳожирлар учун автомобиль ҳайдаш ҳуқуқини чеклаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, улар ҳайдовчилик имтиҳонини топшира олмайди ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштира олмайди. Бошқа чекловлар орасида банк ҳисобини очиш, пул ўтказиш ва турмуш қуриш мумкин эмас.

Давлат Думаси Ички ишлар вазирлигининг ноқонуний муҳожирлар учун чекловлар бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади. Депутат Султон Ҳамзаев бу фикрни асосли ва ҳақиқатга мос деб атади.

«Бу чекловларни жамоат хавфсизлиги нуқтаи назаридан қўллаб-қувватлаш керак. Гап, биринчи навбатда, Россия қонунчилигига 100 фоиз риоя қилиш ҳақида кетмоқда», — деди депутат ва бу қонун лойиҳасига овоз беришини таъкидлади.

Давлат Думаси, шунингдек, муҳожирларга шифокор, ўқитувчи, фармацевт ва такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашни тақиқламоқчи эди.

Октябрь ойида «Адолатли Россия – Ҳақиқат учун» партияси Давлат Думасига муҳожирларга, жумладан, мамлакатга қонуний йўл билан келганларга ҳам таълим, тиббиёт, фармацевтика ва таксида ишлашни тақиқловчи қонун лойиҳасини киритган эди.

Сабаб қилиб Россияга меҳнат муҳожирлари оқими ўсишда давом этаётгани қайд этилганди. Шу билан бирга, уларнинг иш ҳақи русларнинг иш ҳақига тенг бўлгани туфайли Россия иқтисодиёти учун фойдали бўлишни тўхтатгани таъкидланган. Бундан келиб чиқиб, депутатлар иқтисодий фаолиятнинг ҳар бир турида хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улушини беш фоизгача чеклашни таклиф қилдилар.

Ўз навбатида, Давлат Думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой рус тили давлат тили бўлмаган мамлакатлар фуқаролари жамоат жойларида ишламаслиги кераклигини айтди.

Ноябрь ойида Челябинск вилояти 2016 йилда жорий этилган барча йўналишларда муҳожирларнинг такси ва йўловчи автобусларини бошқаришига қўйилган тақиқни узайтирди. Ушбу чора патент асосида ишлайдиган ташриф буюрувчиларга ҳам тегишли.

2024 йилдан бошлаб Тула вилоятида ҳам шунга ўхшаш чоралар жорий этилиши режалаштирилган. Ҳукумат жамоат транспортини бошқаришдан ташқари, муҳожирларга умумий овқатланиш соҳасида, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, озиқ-овқат ва ичимликлар чакана савдосида ишлашни тақиқлайди.

Бундан ташқари, январь ойидан бошлаб муҳожирлар Магадан вилоятида жамоат транспорти ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлай олмайди. Вилоят раҳбари Сергей Носовнинг фармойишига кўра, транспорт компаниялари уч ой муддатда ташиш билан боғлиқ барча хорижликларни ишдан бўшатишлари шарт.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг