Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рамзан Қодиров Пригожиннинг ўлимига муносабат билдирди

Рамзан Қодиров Пригожиннинг ўлимига муносабат билдирди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими муносабати билан унинг яқинларига ҳамдардлик изҳор қилди.

«Биз кўп замон аввал дўстлашган эдик. Узоқ йиллар мобайнида (дўст бўлиб қолдик). Евгений Викторович билан биргаликда бот-бот энг мураккаб масалаларни ҳал этишимизга тўғри келган. У кўнгилчанлиги, киришимлилиги ва қатъийлиги билан ажралиб турарди. Ёши мендан катта эканига қарамай, илк таклифимни ерда қолдирмай Грознийга келган», – деб ёзади Р.Қодиров ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида.

Қайд этилишича, Қодиров ва Пригожинни кўплаб ришталар боғлаб турган. Чеченистон раҳбари «Вагнер» хўжайинига Африкадаги айрим масалалар юзасидан кўмак берган. Ўз навбатида, Пригожин Қодировни «Вагнер» ширкати медали билан сийлаган.

«Ёшига нисбатан жуда фаол ҳаёт кечирган Евгений Викторович давлат аҳамиятига молик муҳим шахс эди. Лекин охирги вақтларда у мамлакатда рўй бераётган ҳодисаларнинг тўлиқ манзарасини ёки кўра олмади, ёки кўришни истамади. Мен ундан давлатнинг бирламчи юмушлари йўлида шахсий даъволардан воз кечишини сўраган эдим. Қолган ҳамма масалаларни кейин ҳал этиш мумкин эди. Лекин Пригожин ана шундай темир иродали ва ўз истагини тез амалга оширмагунча тинчимас эди», – дейди чечен ўлкаси етакчиси.

Р.Қодиров фикрича, Е.Пригожин махсус ҳарбий амалиёт, яъни Украина босқинига улкан ҳисса қўшган ва унинг ўлими Россия давлати учун катта йўқотиш саналади.

Аввал хабар берганимиздек, 23 август куни «Вагнер» хўжайинига қарашли хусусий учоқ Тверь вилоятида ҳалокатга учради.

Авиаҳалокат пайти учоқдаги барча йўловчилар, жумладан, Пригожин ҳам ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Дунё матбуотида учоқ Россия президенти Владимир Путиннинг буйруғи билан уриб туширилгани ёки бортда теракт содир этилгани эҳтимоли кенг муҳокама қилинмоқда.

Кеча, 24 август куни Путиннинг ўзи ҳам ҳодисага муносабат билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг