Қозоғистон: «Қонли январь» воқеаларида ҳалок бўлганлар рўйхати эълон қилинди
Қозоғистон Бош прокуратураси январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилди. Унда 238 кишининг исм-шарифлари келтирилган.
Бу жорий йил январнинг аввалида Қозоғистонда рўй берган «Қонли январь» воқеаларида ҳалок бўлганларнинг биринчи расмий рўйхати бўлиб, у орадан саккиз ярим ой ўтиб оммага ошкор қилинди.
Vlast.kz нашрининг таъкидича, рўйхатда фақат одамларнинг исм-шарифлари ва бош ҳарфлари кўрсатилган бўлиб, уларнинг ёши, яшаш жойи ва ўлим ҳолатлари кўрсатилмаган.
«Январь воқеаларида 238 нафар фуқаро ҳалок бўлди. Улар орасида жиноятчилар, бегуноҳ бўлган қурбонлар ҳам бор. Биз ҳар бир фактни батафсил кўриб чиқамиз. Ҳозиргача 176 нафар шахснинг ўлими ҳолатлари аниқланиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда», – дейди Бош прокуратуранинг Жиноят суриштирув бошқармаси бошлиғи ўринбосари Елдос Қилимжонов.
У эълон қилинган рўйхатни «дастлабкиси» деб атаган, бироқ ўлганлар ҳақида тўлиқроқ маълумотлар эълон қилинадими ёки йўқ, деган саволни очиқ қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойи бошида газ нархининг икки баравар ошиши фонида Қозоғистонда норозилик намойишлари бошланган ва бу тартибсизликларга айланиб кетган эди. Оммавий тартибсизликлар 7 январга келиб барқарорлашганидан сўнг мамлакатда эълон қилинган фавқулодда ҳолат 19 январдан бекор қилинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter