Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистонда зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Қозоғистонда зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир қонунни имзолади.

Унга кўра, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик учун жавобгарликни кучайтирувчи, шунингдек, оила институти ва вояга етмаганларнинг хавфсизлигини таъминлашни мустаҳкамловчи нормалар амалга киритилмоқда.

Жумладан, соғлиққа қасддан енгил зарар етказиш жиноий ҳуқуқбузарлик деб топилди, соғлиққа ўрта ва оғир даражада қасддан зарар етказганлик учун эса жавобгарлик кучайтирилди.

Қонунчиликнинг никоҳ ва оила, ота, она ва бола институтини мустаҳкамлашга асосланган янги тамойиллари, шунингдек, умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат асосида болаларнинг ахлоқий ва маънавий тарбиясини таъминлаш тамойиллари жорий этилди.

Шунингдек, ўз жонига қасд қилишга ундаш ва уни тарғиб қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

16 ёшга тўлмаган шахсларга жинсий тажовуз қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, вояга етмаганларни ўғирлаш ва қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш учун жазо сезиларли даражада кучайтирилди.

Қолаверса, вояга етмаганларга нисбатан кибербуллинг учун илк бор маъмурий жавобгарлик жорий этилди.

Янги ўзгартиришларда таълим ташкилотларига вояга етмаганлар томонидан содир этилган ёки уларга нисбатан содир этилган ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисида дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш мажбурияти юкланди.

16 ёшгача бўлган болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл ҳақини тўламагани учун уларни жамоат транспортидан мажбуран тушириш ҳам тақиқланди.

Янги қонунда оила, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоқа маркази, оилаларни қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятига оид меъёрий талаблар ҳам илгари сурилган.

Қайд этилишича, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар матни матбуотда эълон қилинади.

Маълумот ўрнида, Қозоғистон президенти Қ.Тўқаев 2022 йил 16 март ва 2023 йил 1 сентябрь кунлари мамлакат халқига йўллаган мурожаатларида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш бўйича кўрсатмалар берганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг