Қозоғистон шаънига ҳақоратли гаплар айтган россиялик журналист «қора рўйхат»га киритилди
Россия пропагандасининг яловбардорларидан саналган журналист Тигран Кеосаян номи Қозоғистон ваколатли идоралари томонидан «қора рўйхат»га тиркалди. КазТАГнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, у террорчилар билан бир сафда исталмаган шахслар рўйхатига киритилган.
«Террорчилар ва шу каби кимсалардан иборат рўйхат аслида каттагина. Эндиликда Кеосаян ҳам шу сафда. Унинг номи «қора рўйхат»га киритилгани ҳақида расмий даражада хабар берилмаса керак. Ваколатли идоралар рўйхатга киритилган ҳар бир қўпорувчи номини дунёга достон қилиб ўтирмайди-ку», – дейди агентлик манбаси.
Украина урушини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилиб келаётган Тигран Кеосаян жорий йил апрель ойида YouTube каналида Қозоғистон шаънига номақбул сўзлар айтган эди.
Қозоғистонда 9 май паради, Георгий лентаси каби Кремль пропагандасининг муҳим унсурларига муносабатдан қониқмаган Кеосаян расмий Нурсултонга «Украинадаги вазиятни диққат билан кузатинг!» дея пўписа қилган. Пропагандачи журналист жазавали чиқишида бошқа постсовет республикаларига ҳам таҳдидомуз огоҳлантириш берган.
Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров россиялик журналистнинг фикрларини ҳақоратли ва нохолис деб атаган.
Таҳлилчилар пропагандачи журналист ушбу чиқиши билан Қозоғистонни ҳам Украина урушига тортишни кўзлаганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи жорий йил 28 февраль куни Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдид солувчи чиқишлари сабаб Тигран Кеосаянга нисбатан санкция жорий этган. 25 март куни Австралия ҳукумати ҳам сохта маълумотлар тарқатаётгани ва Украина босқинини оқлашга уринаётани важидан уни «қора рўйхат»га киритган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter