Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қосим-Жўмарт Тўқаев: «Бугун – тарихий кун...»

Қосим-Жўмарт Тўқаев: «Бугун – тарихий кун...»

Фото: Akorda.kz

Қозоғистон етакчиси Қосим-Жўмарт Тўқаев президентлик сайловида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди. У Остона шаҳридаги ўқувчилар саройида ташкил этилган участкада овоз берган. Оқўрда матбуот хизмати хабарига кўра, амалдаги раҳбар 20 ноябрь – сайлов ўтаётган кунни тарихий деб атаган.   

«Бугун – жуда муҳим, тарихий кун. Биз ёрқин келажак учун овоз бермоқдамиз. Бу йил осон келмади, лекин халқимиз бир муштга айланиб, барча қийинчиликларни енгиб ўтди. Эндиликда олдимизда кенг кўламли вазифа ва мақсадлар турибди. Улкан ишларни амалга оширишимиз керак. Сиёсий ислоҳотлар давом этмоқда», – деган Қ.Тўқаев сайлов участкасида йиғилган журналистлар билан суҳбатда.

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистонда бугун эрта тонгдан муддатидан олдин президентлик сайлови бошланди. Давлат раҳбари лавозими учун 6 номзод курашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Конституциясига президентлик муддатини 7 йиллик қилиб белгилаш, айни чоқда, бир киши икки марта мазкур лавозимга даъвогарлик қилолмаслигига оид тузатишлар киритилган.

Жорий йил март ойида эса президент Қ.Тўқаев жиддий сиёсий ислоҳотлар дастурини эълон қилган. Унга кўра, сиёсий монополиядан босқичма-босқич воз кечиш, супер президентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга асосланган президентлик республикаси тизимига ўтиш кўзда тутилган.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг