Қорабоғдан олиб чиқилган рус қўшини қаерга йўлланиши очиқланди
Россия Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасида вақтинча жойлаштирган тинчликпарвар контингентини олиб чиқишни бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
BILD нашри эксперти Юлиан Рёпке фикрича, Россия раҳбарияти Қорабоғдан чиқарилган қўшинни Украинага қарши урушга сафарбар қилиши мумкин.
Россия тинчликпарвар контингенти 2020 йили Боку, Москва ва Ереван ўртасида уч томонлама битим имзоланиши ортидан Қорабоғда вақтинча жойлаштирилган эди. 2023 йил сентябрь ойидаги ҳарбий амалиётдан кейин Озарбайжон Қорабоғ устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва эндиликда Россия ҳарбий кучлари минтақани тарк этмоқда. Келишувга кўра, рус ҳарбийлари минтақада камида 2025 йилгача қолиши керак эди.
Россия ҳарбий контингенти 1960 нафар ҳарбий хизматчидан иборат. Қўшин, шунингдек, 90 та бронетранспортёр, 380 та автомобиль ва махсус техникага эга.
Сўнгги вақтларда экспертлар фронтнинг олд чизиғида Россия ҳарбийларининг бронетранспортёрларга бўлган талаб-эҳтиёжи ошиб бораётганини айтмоқда. Қорабоғдан олиб чиқилган техника бўшлиқни тўлдириши мумкин.
Аввал хабар берганимиздек, Украина Қуролли кучлари Бош штаби икки йилдан ортиқ вақт давом этаётган урушда Россияга қарашли 7213 та танк, 13873 та зирҳли жанговар машина, 348 та самолёт, 325 та вертолёт ва 33416 та кема ҳамда битта сув ости кемаси йўқ қилингани ҳақида маълумот тарқатган.
Уруш шароитида ҳар икки томон тарқатаётган маълумотларнинг ҳаққонийлигини тезкор тарзда текшириш имконсиз, албатта. Аммо талафот ва йўқотишлар шароитида Россия ҳам, Украина ҳам қўшимча аскар ва ҳарбий техникага муҳтож экани шубҳасиздир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter