Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорабоғда Озарбойжон ва Арманистон жанг қилди, ғалаба эса бошқа бир давлатга насиб этди

Қорабоғда Озарбойжон ва Арманистон жанг қилди, ғалаба эса бошқа бир давлатга насиб этди

Фото: РИА «Новости»

Тоғли Қорабоғ ҳудудида жорий йил 27 сентябрдан бошланган қуролли тўқнашувлар поёнига этди. Озарбойжон ҳамда Арманистон Кремль воситачилигида 10 ноябрдан урушни тўхтатиш ҳақида уч томонлама битимни имзолади. Келишувга биноан низоли ҳудудга Россия ҳарбий контингенти киритилади.

Сиртдан қараганда, қонли урушда Озарбойжон зафар қозонди. Зеро, расмий Боку бундан чорак аср аввал қўлдан кетган ерлари – Қорабоғ атрофидаги 7 туманни яна ўз назоратига олмоқда. Бундан ташқари, тарихий Шуша шаҳри қайтариб олинди. Катта ҳарбий талафот кўрган Арманистон эса мағлубиятни очиқ тан олишга мажбур бўлди. Аммо аксар таҳлилчилар Қорабоғдаги урушда Озарбойжон ва Арманистон жанг қилгани, ғалабани эса Россия илиб кетганини ёзмоқда.

Сиёсий фанлар номзоди Иван Преображенскийга кўра, империячилик мантиғидан келиб чиқилса, ғалаба гулчамбари президент Владимир Путинга насиб этди. Кремль юзага келган вазиятдан усталик билан фойдаланди ва воқеалар ривожини ўз манфаати томон буриб юборди. Ҳозирга қадар Арманистонда Россия ҳарбий базаси мавжуд эди, эндиликда Тоғли Қорабоғ ҳудудида ҳам 2000 кишилик рус қўшини жойлашмоқда. Шу тариқа Россия минтақа чегараларида назоратни қўлга киритаётир.

«Моҳият эътиборига кўра, Россия икки муҳим коридорни (Қорабоғдан Арманистонга ҳамда Нахичевондан Озарбойжоннинг ғарбий туманларига), демакки, Арманистоннинг икки чегарасини қўлга олиб, бутун мамлакат устидан назорат ўрнатмоқда. Айримлар томонидан Арманистон 2020 йил 10 ноябрдан Россиянинг Кавказдаги вассали деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас», – дейди Иван Преображенский.

Истанбул университети сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар кафедраси доценти, доктор Хоқон Гунешга кўра, муаммо тўлақонли бартараф этилмади, Россия 26 йил аввал бўлганидек, ихтилофни «музлатиб» қўйди, холос Хавотирли жиҳати, Кремль ушбу зиддиятдан истаган пайтда яна фойдаланиши мумкин. 

«Кутилгандек бўлди. (Қорабоғнинг) ўтган 26 йилдаги валинеъмати янги битим бўйича ҳам валинеъмат мақомини олди. Хўш, эртага нима бўлади? Бу масала яна Россия инон-ихтиёрига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Яъни Россия тинчлик режасига эмас, балки музлатилган зиддият режасига ҳомийлик қилмоқда», – дейди Хоқон Гунеш.

Украина келажак институти эксперти Илия Куса эса ушбу вазиятда нафақат Россия, балки Туркиянинг ҳам омади келганига урғу беради.

«Россия Федерацияси Тоғли Қорабоғга ҳарбий ёрдам борасида маблағ харжламади, аввал-бошда зиддиятга ҳам аралашмади. Урушда силласи қуриган расмий Ереван заифлашуви ортидан битим имзолади. Шу тариқа Россия Арманистонга таъсир ва назорат кўламини оширмоқда... Сирасини айтганда, ҳарбий юриш хотимасида Россия Федерацияси ҳамда Туркиянинг ошиғи олчи келди», – дейди Илия Куса.

Телеграмдаги «Ташқарида» канали муаллифи Россия ҳарбий назоратига ўтаётган Қорабоғ ҳудуди кейинроқ на Озарбойжон, на Арманистонга насиб этмаслиги мумкинлигини тахмин қилади.

«Қорабоғ тақдири ҳам Молдавиядаги Днестрбўйи ҳудудига ўхшаб қолди – айнан рус ҳарбийлари борлиги учун Молдавия 30 йилдирки бутун бўлолмайди. Ҳам масофа, ҳам вақт жиҳатидан яқинроқ мисол – Грузиядан «тинчликпарварлар» томонидан тортиб олинган Жанубий Осетия ва Абхазия. Илҳом Алиевнинг келишувда Қорабоғ статуси ҳақида ҳеч қандай сўз йўқлиги ва энди музокараларда Боку таклиф қилиб келаётган автономия ҳам бўлмаслиги ҳақидаги гапларига қарамай, ҳозир қўлга киритилмаган ҳудудлар де-факто Россия назоратига ўтмоқда ва Озарбойжонга (ва балки Арманистонга ҳам) қайтмаслиги эҳтимоли юқори. Зеро, рус «тинчликпарвар кучлари» кирган можароларнинг бирортаси шу пайтгача ечилмаган, фақатгина Молдавия, Украина ҳамда Грузиянинг яхлитлигига путур етган», – деб ёзади «Ташқарида» канали.

Дарвоқе, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қорабоғ уруши якунлари ҳақида фикр билдирар экан, жангда «Ҳам Озарбойжон, ҳам Арманистон ғалаба қозонди, чунки қон тўкилишига барҳам берилди» дея лутф қилган.

Эслатиб ўтамиз, Қорабоғдаги зиддият 1988 йил феврль ойида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Озарбойжон таркибидан чиқишини эълон қилгач бошланган. 1992-1994 йилларда давом этган уруш давомида Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 туман арман кучлари томонидан эгалланган, ҳудудда «Тоғли Қорабоғ республикаси» тузилгани эълон қилинган. Аммо ушбу тузилмани бирор давлат тан олмаган. Расмий Ереван ҳам «Тоғли Қорабоғ республикаси»ни расман тан олмаган, аммо республиканинг бюджети ва армияси Арманистон билан чамбарчас боғлиқ экани айтилади.

Франциянинг «L’Obs» журналига кўра, Тоғли Қорабоғ зиддиятининг тамал тоши бир аср аввал Иосиф Сталин томонидан қўйилган. Қайд этилишича, фитна уруғини қадаган шўро доҳийси ҳам озар, ҳам арманларни қопқонга туширишни кўзлаган. Ушбу можаро ҳозир ҳам ричаг – таъсир кўрсатиш воситаси сифатида қўл келмоқда.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг