Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Мақсад янги уруш оловини ёқишми?» – Озарбайжон парламенти депутати «Xabar.uz»га можароли ташриф юзасидан изоҳ берди

«Мақсад янги уруш оловини ёқишми?» – Озарбайжон парламенти депутати «Xabar.uz»га можароли ташриф юзасидан изоҳ берди

Француз сиёсатчиларининг Хонкендига сафари дипломатик можарога сабаб бўлди.

Фото: ижтимоий тармоқ

Озарбайжон Франциянинг Бокудаги муваққат ишлар вакилига норозилик нотаси топширди. Бунга эса Франция президентлигига номзод Валери Пекресснинг тан олинмаган «Тоғли Қорабоғ республикаси»га cафар қилгани сабаб бўлди.

Расмий Боку француз сиёсатчининг ушбу ташрифини Озарбайжон миллий қонунчилиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши ҳаракат деб атади.

Озарбайжон ТИВ баёнотига кўра, француз сиёсатчиларининг бу қадами икки мамлакат муносабатларига зиён етказди. Шунингдек, Франциянинг урушдан кейин Озарбайжон ҳамда Арманистон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш борасидаги ролини ҳам савол остига қўйди.

Вазирлик қонун чегарасини бузган Франция фуқаролари миллий қонунчиликка кўра жавобгарликка тортилиши, жумладан, улар Озарбайжон ҳудудига кириши номақбул шахслар рўйхатига киритилганини маълум қилган.

Гап шундаки, жорий йилнинг 22 декабрь куни Франция президентлигига номзод, Иль-де-Франс ҳудуди раҳбари Валери Пекресс депутат ҳамкасблари билан бирга Россия тинчликпарвар кучларининг муваққат назорат ҳудудига кирувчи «Лочин» йўлаги орқали Хонкенди шаҳрига борди ва тан олинмаган «Тоғли Қорабоғ республикаси» расмийлари билан учрашди.

Хонкенди халқаро ташкилотлар томонидан Озарбайжоннинг таркибий қисми деб тан олинган. Шунга кўра, ҳудудга хориж сиёсатчисининг Озарбайжон изнисиз ташриф буюриши халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб баҳоланади.

Жорий йил декабрь ойи ўрталарида Франция президентлигига яна бир номзод Эрик Земмур ҳам Ереванга ташриф буюрган эди. Миллатчилик руҳидаги чиқишлари билан танилган сиёсатчи Арманистонга сафар чоғи эътиқодлараро зиддият уйғотувчи мунозарали баёнотлар берган.

Социалистлар партиясидан номзод Анн Идальго ҳам Арманистонга сафар қилишни режалаштирмоқда.

Францияга 500 мингга яқин арман аҳоли истиқомат қилади. Таҳлилчиларга кўра, президентликка номзодлар сайловда уларнинг овозини олиш учун шундай баҳсли қадамлар қўймоқда.

«Xabar.uz» мазкур дипломатик можаро юзасидан Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати, сиёсий фанлар доктори, профессор Ҳикмат Бобоўғли Мамедовдан изоҳ сўради.

Депутат ва сиёсатшунос Ҳикмат Мамедов. Фото: AA

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, хорижлик фуқаронинг Озарбайжон ҳудудига расмий Боку розилигисиз ноқонуний равишда кириб келиши, боз устига, Лочин коридорини назорат қилиши керак бўлган Россия ҳарбийларининг бундан кўз юмгани ҳайрат ва ғазаб уйғотди.

«Бу ҳодисани фақат қонунбузарлик деб баҳолаш кифоя эмас. Францияда президентликка номзодларнинг сўнгги пайтларда буни анъанага айлантиришга уринаётгани тизимли сиёсий ҳаракатдан далолат беради. Бу – минтақамиздаги ўзи шундоқ ҳам мўрт тинчлик жараёнларига жиддий зиён етказмоқда. Бир қарашда, бу воқеалар Францияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида арман миллатига мансуб электоратнинг овозини олишга уринишдек туюлиши мумкин. Аслида эса бошқа сабаблар ҳам бор. Ҳатто 44 кунлик уруш даврида ҳам Франция расмийлари ҳамраислик миссиясига тўғри келмайдиган радикал позицияни эгаллаганига гувоҳ бўлдик», – дейди Ҳикмат Мамедов.

Депутатнинг айтишича, расмий Париж Озарбайжон–Арманистон муносабатларида халқаро ҳуқуқ нормаларига зид йўл тутмоқда. Бу эса минтақада янги уруш бошланишига туртки бўлиши мумкин. Ҳ.Мамедовнинг таъкидлашича, сиёсий ўйинлар давом этаверса, Озарбайжон ҳал қилувчи қарорлар қабул қилишга, жумладан, Лочин йўлагида божхона ва чегара постларини ўрнатишга мажбур бўлади.

2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама битимга мувофиқ Лочин коридоридаги назорат Россия қўшинига топширилган. Фото: Kaspi.az

Француз арбобларининг Хонкендига ташрифи юзасидан Франция парламентидаги Франция–Озарбайжон дўстлик гуруҳи Жером Ламбер ҳам баёнот берган. У ҳамкасбларининг хатти-ҳаракатини провокация деб атаган.

«Пекресс хоним чиндан ҳам тинчликни ҳимоя қилиш истагида бўлса, тарих сабоқларини ёдда тутиши керак. Озарбайжон суверенитетини бузган ҳолда Қорабоққа сафар қилиб, у ўзини тинчлик ўрнатишга ҳисса қўшиш имконидан маҳрум қилмоқда», – деган Ж.Ламбер. 

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар Арманистон Қуролли кучларига қарши кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. Ушбу битимга мувофиқ Лочин коридоридаги назорат ҳам Россия тинчликпарвар қўшинига топширилган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг