Қора бева: эрларини заҳарлаб ўлдирган аёл узоқ давом этган суд жараёнларидан сўнг ўлим жазосига ҳукм қилинди
Японияда охирги инстанция суди 74 ёшли серияли қотил Исао Какэхининг апелляциясини рад этди. Пул топиш илинжида жиноят содир этган аёл ўлим жазосига ҳукм қилинди, деб хабар беради CNN.
Какэхи 2014 йилда ҳибсга олинган. Уч йил ўтгач Киото округ суди уни эри, икки хонадошининг қотиллиги ва битта қотилликка уринишда айбдор деб топган. Япония тарихида энг узун судлардан бири сифатида эътироф этилаётган суд жараёни яна тўрт йил давом этди. 2021 йилда иш охирги инстанция — Олий судга етиб келди, лекин у ҳам унинг шикоятини рад этди.
2007 йилда Какэхи ўзининг биринчи жиноятини содир этган: 78 ёшли турмуш ўртоғи Тосиака Суэхирога дори ўрнига цианид капсуласини берган. Заҳар кўрликка ва даволаб бўлмайдиган бошқа касалликларга олиб келган бўлса-да, бечора чол тирик қолган. Фақат бир ярим йилдан сўнг заҳарланиш билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра вафот этган.
2011 йилда аёл танишув агентлиги ёрдамида янги ўлжаси — 71 ёшли Масанори Хондани топган. 2021 йил март ойида аёл билан учрашгандан сўнг, мотоциклда кетаётганда ҳушидан кетган ва икки соатдан кейин шифохонада жони узилган. Бу пайтга келиб Какэхи никоҳ агентлиги орқали топган яна икки эркак билан учрашиб юрганди.
Унинг учинчи қурбони 75 ёшли Минору Хиоки бўлди. У Какэхи билан учрашишдан сал олдин ўпка саратонидан тузалганди. Суэхирода бўлгани каби, унинг ҳам дорисини цианид билан алмаштириб қўйди. Тез ёрдам келганида эса, эри ҳалокатли касалликдан қийналишини айтиб, уни жонлантиришларига йўл қўймади.
Хиока вафотидан икки ой ўтар-ўтмас, аёл 75 ёшли Исао Какэхига турмушга чиқди. Тўйдан бир ой ўтгач, ўзига янги хуштор топиб олди. 2013 йил декабрь ойида унинг янги эри оламдан ўтди. Унинг ўлими шубҳали деб топилди. Шу боис мурда ёриб, текширилди. Марҳумнинг юраги, қони ва ошқозонидан ҳалокатли миқдорда цианид аниқланди.
Прокуратура тахминларига кўра, барча жиноятларга пул сабаб бўлган. Какэхи Суэхиронинг 48 миллион иена қарзи бўлган ва у заҳар орқали буни ҳал этишни ният қилган. Хонда вафотидан кейин у тахминан 16 миллион иена ишлаб топган. Қотилликлар ортидан жами 500 – 800 миллион иена фойда олган.
2017 йилда ўтказилган суд жараёнида Какэхи ўзини айбсиз эканлигини даъво қилган. Сўнгра нафрат туфайли эрларини ўлдирганини тан олган. Лекин икки кундан кейин ўз фикридан қайтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter