Қодировнинг тўнғич ўғли Чеченистон спорт вазирига ўринбосар бўлди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг тўнғич ўғли, ўн саккиз яшар Аҳмад Қодиров мамлакат Жисмоний тарбия, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, деб хабар берган ҳудудий парламент раиси Магомед Даудов.
«Чин юракдан табриклайман... Ишончим комилки, ушбу масъулиятли лавозимга тайинлов вазирликнинг спортни ривожлантириш, ёшлар сиёсатини амалга ошириш ўсиб келаётган авлодни маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги фаолияти сифат ва даража жиҳатидан юксалишига хизмат қилади», – деб ёзган Даудов Телеграм-каналида.
Депутат Аҳмад Қодировнинг ўзим ҳам спортчи эканини қўшимча қилган.
«У аралаш жанг санъати ва бокс бўйича бир қанча турнирларда ғолиб чиққан. Ҳурматли жияним ёшлар билан боғлиқ масалаларга жуда эътибор билан ёндашади. У ўзига юклатилган вазифаларни юқори даражада уддалай олишига ишончим комил. Бунинг учун унда етарли билим, тажриба ва интилиш бор”, – дея таъкидлаган Магомед Даудов.
Маълум бўлишича, илгари Аҳмад Қодиров «Биринчилар ҳаракати» Бутунроссия ёшлар ҳаракатининг Чеченистондаги бўлимига раҳбарлик қилган. Чеченистон парламенти спикерининг сўзларига кўра, у бу лавозимда «ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган».
Аввалроқ Аҳмад Қодировнинг 15 яшар укаси Адам Қодиров Чеченистон раҳбарининг хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.
Рамзан Қодиров ўзининг яқин қариндоши, Грозний мэрининг отаси Шаҳмомед Қодировни республиканинг олий мукофоти билан тақдирлаганди.
Мамлакат етакчиси 7 ноябрь куни бўлиб ўтган чечен тилини билиш бўйича танловнинг финал босқичида болалари чечен тилини билмайдиган амалдорларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter