Қирғизистонлик вазирга «Қора калиш» топширилди
Қирғизистон бозорлар, савдо ва хизматлар уюшмаси мамлакат қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати вазири Нурбек Мурашевни «Қора калиш» «мукофоти»га лойиқ топди. «Ғолиб»ни тадбиркорлар овоз бериш йўли билан аниқлашди, деб хабар берди «EADaily».
Ўтган экин мавсумида қишлоқ хўжалиги вазири деҳқонларни кўпроқ картошка экишга чорлаб, Ўзбекистонда сотишга ёрдамлашишга ваъда берганди. Унга ишонган фермерлар картошкага зўр бериб, 1,5 миллион тонна ҳосил олишди. Шундан 600 минг тоннаси Ўзбекистонга экспорт қилишга мўлжалланган эди. Бироқ Ўзбекистон қирғиз картошкасини сотиб олишни истамади. Оқибатда Ўзбекистон тугул Қирғизистонда маҳсулотини сота олмаган анчагина фермерлар касодга учрашди — картошканинг бир килоси 4-5 сомга тушиб кетди.
Бироқ Қирғизистон агромаҳсулотлар корпорацияси собиқ раҳбари Канатбек Исраилов бошқача фикрда.
«Айбни вазирликка тўнкашдан аввал унга ваколат, ҳуқуқ ва тўғри режалаштириш учун воситалар бериш керак. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги ва тўлақонли маълумотлар етишмайди. Картошкани реализация қилиш масаласи балки шунинг учун чала қолиб кетгандир. Балки картошка экишни тавсия қилишдан аввал ўзбекистонликлар билан реал битимлар тузиб қўйиш керакмиди, — деди Канатбек Исраилов «EADaily» мухбирига. — Аслида аграр соҳамиз билан ишлаш қийин. Хўжаликлар тарқоқ ва кичик. Тадқиқот лабораториялари, омборлар, логистика марказлари бўлмаса қандай қилиб уларнинг бошини бир жойга қовуштириш, маҳсулотини сотиш мумкин? Бундай ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги учун давлатнинг ёрдамида комплекс чоралар кўриш лозим.
Бозорлар ассоциацияси маълумотларига кўра, «қуйидан тепага» тартибдаги иккинчи мукофотга Қирғизистон божхона хизмати раҳбари Алмаз Онолбеков, учинчи мукофотга солиқчилар раҳбари Тенизбек Абжапаров лойиқ кўрилди.
Ва аксинча, йилнинг энг яхши раҳбарига топшириладиган «Олтин қўл» мукофоти Қирғизистон иқтисодиёт вазири Олег Панкратовга насиб этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter