Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирғиз-тожик чегарасида яна отишма содир бўлди

Қирғиз-тожик чегарасида яна отишма содир бўлди

Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ ҳодиса юз берди. Бу хабар ҳар икки томоннинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари хизмати томонидан тасдиқланди.

Қирғизистон томонининг билдиришича, кеча, 7 май куни тахминан соат 12:20 ларда Боткен вилояти Лейлек тумани Оқ-Босоғо аҳоли пункти яқинида қирғиз чегарачиси Тожикистон фуқароларининг мамлакат ҳудудида чорва молларини ўтлатиб юрганини кўриб қолган.

Тожикистон фуқаролари чегарачиларнинг Қирғизистон ҳудудини тарк этиш талабига эътибор бермай, ҳарбий хизматчиларга тош отишни бошлаган. Чўпонлардан бири Қирғизистон чегара хизмати ходимлари томонга бир неча марта ўқ узган.

Вазият кескинлашувининг олдини олиш мақсадида Қирғизистон чегарачилари ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган, шундан сўнг чўпонлар Тожикистон ҳудудига қочиб кетишган. 

Қирғиз чегарачилари орасида қурбон ва жабрланганлар йўқ.

Тожикистон томони эса ҳодисада тожикистонлик икки фуқаро бўлганини ёзди. Айтилишича, 34 ёшли фуқаро қирғиз чегарачилари ушлаб турган вояга етмаган ўғлини қутқариш мақсадида (нега ушланганига аниқлик киритилмаган) қирғиз чегарачиларининг олдига борган.

Тожикистон чегара хизматига кўра, 34 ёшли фуқаро «яхши қўшничилик тамойилларига зид бўладиган ҳеч қандай ҳаракат қилмаган», бироқ унга нисбатан ўқотар қурол қўлланган ва у ҳозир олган тан жароҳати билан шифохонада ётибди.

Ўз навбатида, қирғиз томони тожикистонлик фуқаронинг оёғидан яралангани ҳақидаги маълумотдан хабардорлигини билдириб, «жароҳатни қандай шароитда, қачон ва қаерда олгани номаълум» эканини таъкидлаган.

Ҳозирда икки давлатнинг тегишли идоралари ушбу ҳодиса юзасидан текширув олиб бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг