Қайта суд: собиқ президент 17 йилга қамалди — Жанубий Корея
Корея Республикаси суди собиқ президент Ли Мён Бакни 17 йилга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Ли Мён Бак коррупцияга оид жиноятлар ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилди.
Собиқ президент 17 йил қамалишдан ташқари, 15,7 млн. доллар атрофида жарима ҳам тўлайди.
Ли Мён Бак 16 та банд бўйича айбланиб (солиқ тўлашдан қочиш, давлат маблағларини ўзлаштириш, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ва бошқалар), 2018 йилнинг октябрь ойида 15 йилга қамалгани ҳақида хабар бергандик. Аммо 2019 йилнинг март ойида саломатлиги ёмонлашгани учун собиқ президент гаров эвазига қамоқдан чиқарилганди.
Тергов маълумотларига кўра, у Миллий разведка хизмати махфий жамғармаларидан хуфиёна операциялар учун мўлжалланган жами 11 млрд. вона ($9,3 млн.) маблағни ўзлаштириб юборган.
Маълумот учун: айни пайтда 78 ёшни қоралаган Ли Мён Бак 2008—2013 йилларда Корея Республикаси президенти бўлган. У Жанубий Кореянинг жиноий жавобгарликка тортилган тўртинчи президенти ҳисобланади.
Мавзуга оид: Жанубий Кореянинг собиқ президенти 24 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter