Қайси касблар «сахар» касаллигини чақиради?
Швециялик олимлар одамнинг касбий фаолияти билан 2-тип диабет ривожланиши ўртасида қандай боғлиқлик борлигини аниқлашди. Экспертлар 1937 — 1979 йиллар давомида дунёга келган қарийб 4,5 миллион кишининг саломатлиги тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиб чиқишди, деб ёзади «Рамблер».
Буни қарангки, касб чиндан ҳам мазкур хасталикнинг ривожланишига таъсир кўрсатар экан. Мана, масалан, кучли жинс вакиллари орасида диабет асосан ҳайдовчилар (8,8 фоиз) ва ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатувчилар (7,7 фоиз)да қайд этилган. Энг кам дастурчиларда кузатилган (2,5 фоиз).
Аёлларга келсак, улар учун энг хавфли иш деб ишлаб чиқаришда меҳнат қилиш топилди (6,4 фоиз диабет ҳолати). Бундан ташқари, хавфли гуруҳга ошпазлар (5,5 фоиз) ва фаррошлар (5,1 фоиз) ҳам киритилди. Энг паст кўрсаткич муҳандисларда қайд этилди (1,2 фоиз).
Олимларнинг фикрича, диабет хавфининг юқорилиги нобарқарор иш жадвали билан боғлиқ. Уйқуга тўймаслик, тунги сменалар ва доимий стресс инсон соғлигига салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассислар ёдга солади: диабет келиб чиқиш эҳтимолини камайтириш учун вазнни назорат қилиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний юкламаларга зўр бермаслик керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter