Путиндан «тинчлик истаги»ни кўрсатиш талаб қилинмоқда
Африка етакчилари Россия президенти Владимир Путиндан 27—28 июл кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган Россия-Африка саммити олдидан «тинчликка интилиши»ни намойиш этишини сўрашмоқда, деди Сенегал президенти Макки Сал «Financial Times» газетасига берган интервюсида.
Бундай талаб Африка давлатларининг июн ойида бўлиб ўтган воситачилик миссияси чоғида билдирилган.
«Россия-Африка саммити олдидан у [Путин] тинчликка интилиши борлигини кўрсатиши керак, ҳеч бўлмаганда гуманитар йўналишда», — деди Сал.
Маҳбуслар алмашинуви ва болаларнинг Украинага қайтарилиши «жуда яхши сигнал бўлиши мумкин», деди Сенегал раҳбари.
«Биз Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар олдинга силжиши учун Россия-Африка саммитидан фойдаланишда давом этамиз», — дея қўшимча қилди у.
Африка давлатлари тинчлик музокаралари бошланишидан манфаатдор, чунки улар урушнинг салбий оқибатларини бошларидан ўтказишмоқда. «Бизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигида катта муаммолар бор. Биз ўғитларни Россиядан сотиб олардик, энди эса санкциялар туфайли қийинчиликлар бор», — дея таъкидлайди президент.
Июн ойида Африка етакчилари Украина ва Россияга тинчлик ташаббусини тақдим этишди. Дипломатик миссия билан Киев ва Москвага ташриф буюрган Африка делегацияси таркибидаЖанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса, Замбия раҳбари Хакаинде Хичилема, Комор ороллари иттифоқидан Азали Ассоумани, Сенегал президенти Маки Сал, Миср Бош вазири Мустафо Мадбули, шунингдек, Конго Республикаси ва Уганда раҳбарлари вакиллари Флоран Нтсиба ва Рухакана Ругундалар бор эди.
Украина президенти Владимир Зеленский руслар мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиб кетмагунча музокаралар ўтказишини рад этди. Кремлда эса ҳарбий амалиётдан кўзланган мақсадларга эришилмагунча бунинг имконияти йўқлиги айтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter