Путиндан сулҳ муждаси. Экспертлар бу ҳарбий ҳийла эканини айтмоқда
Россия президенти Владимир Путин воситачилар орқали Ғарб давлатларига Украина билан ўт очишни тўхтатишга розилиги ҳақида мужда йўлламоқда. Бу ҳақда The New York Times нашри Россия ва АҚШдаги манбаларига таяниб хабар берди.
Кремль аввал ҳам Киев билан музокараларга тайёрлигини билдирган. Аммо бу галги сулҳ шартлари аввалгиларидан фарқ қилади. Путин эндиликда Владимир Зеленский маъмуриятини бошқарувдан четлатишни талаб қилмаётир. Пойтахти Киев бўлган суверен Украина давлати ҳам сақлаб қолинади. Аммо Путин қўяётган шартга кўра, 2022 йил февралдан кейин босиб олинган Украина ҳудудлари (Запорожье, Херсон, Донецк, Луганск) Россия ихтиёрида қолиши керак. Яъни расмий Москва урушни ҳозирги позицияда якунламоқчи ва Украинага босиб олинган ҳудудларни қайтариш ниятидан йироқ.
«У (Путин назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳозирги позицияда тўхташга тайёр. Аммо у бир одим ҳам ортга чекинмайди», – деган Кремлга яқин манба NYT билан суҳбатда.
Қайд этилишича, Россияда президент сайлови бошлангунга қадар Украина билан оташкесимга эришилиши Путин учун қулай имконият туғдиради. Расмий пропаганда Украинанинг тўрт вилояти қисман эгалланганини узил-кесил ғалаба сифатида тақдим этиб, Путиннинг тушиб бораётган рейтингини кўтаришга ҳаракат қилиши мумкин.
Экспертлар Киев Москва таклиф этаётган сулҳ шартларига кўнмаслигини айтмоқда. Чунки бунга кўниш мамлакатнинг 20 фоиз ҳудуди босиб олинганини расман тан олишни англатади.
АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) Путиннинг сулҳ ҳақидаги таклифи ҳарбий ҳийла эканини айтмоқда.
Айни пайтда Ғарб мамлакатларининг Украинага молиявий, ҳарбий қўллаб-қувватлаши бироз сусайган. Урушни ўрганиш институти таҳлилчиларига кўра, сулҳ ҳақидаги мужда орқали Путин Ғарб сиёсатчиларини чалғитишга уринмоқда. Бу таклиф ортидан Ғарбда Россия билан келишувга эришиш лозим деган кайфият янада кучаяди ва сиёсатчилар Украина маъмуриятидан муросага боришни талаб қила бошлайди. Сулҳ тузилган тақдирда ҳам Кремлга ишониб бўлмайди, у бироз куч йиғиб, қайта оёққа туриб олиши билан Украинага навбатдаги босқинни уюштиради, деб ҳисоблайди ISW.
Аввал хабар берганимиздек, Путин 14 декабрь кунги матбуот анжуманида Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт» мақсадлари ўзгармаслиги, Россия ўз олдига қўйган барча мақсадларга эришганидагина тинчлик бўлиши ҳақида гапирганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter