Путин ва Зеленский тинчлик сулҳини имзолаганда — фильм ҳақида фильм (видео)
ARTE француз-немис теледастури тақдим этган «Украина: энг қиммат қиёфадошлар» деб номланган ҳужжатли фильмда ўзбек, ўзбекистонлик деган сўзлар тилга олинган.
Фильм Россия-Украина уруши ҳақидаги Голлувуд сериалида роль ижро этаётган актёрлар, жумладан, Зеленский тимсолини яратаётган унинг қиёфадоши Умиджон Исабаев ҳақида ҳам. Француз тилидаги ҳужжатли фильм Россиянинг Украинага эълон қилган «ҳарбий операцияси» бир йиллиги олдидан ҳавола этилди.
Фильмда Умиджон билан бирга ишлаётган Путин ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин қиёфадошларининг тасвирга олиш майдонидаги ва ҳаётдаги муносабатлари олиб чиқилган.
Зеленский ва Путин бир-бирининг қўлини сиқиб, тинчлик борасидаги сулҳни имзолаётганида Ким Чен Ин бу қарорни қувватлаган нигоҳда кузатиб турибди. Бу оламшумул манзарани жойлантираётган қиёфадошлар аслида ким?
Реал ҳаётда «Путин» транспорт компаниясини бошқаради, «Ким Чен Ин» мусиқа продюсери, «Зеленский» буёқчи. Йигитлар – поляк, гонконглик, ўзбек. Уларнинг умумий жиҳати – зиддиятли давлатлар раҳбарларига қуйиб қўйгандек ўхшашлигида. 2022 йилда Россиянинг Украинага босқини ана шу инсонлар тақдирини ҳам ўзгартириб юборди.
Фильм ҳақидаги фильм француз томошабинлар ўртасида тилга тушганидан сўнг «Xabar.uz» бугунда Германияда ижод қилаётган Умиджон Исабаев билан боғланди.
— Ҳужжатли фильмда сериалдаги воқеалар чизиғида актёрларга оид саволлар ўртага ташланади. Масалан, Умид Исабаев бугунда нега Европада, у нега Россиядан кетди? Ахир у Москвада яшар эди-ку! Кўп қисмли фильмда Владимир Зеленскийнинг талабалик давридан уруш давридаги ҳаётини гавдалантириш учун Исабаевни ким таклиф қилди? У Голливуд ижодкорлари даврасига қандай тушиб қолди? Унинг Украина қолиши қанчалик хатарли эди, каби қирралар очиб берилган, дейди Умиджон.
Ҳужжатли фильм муаллифи Лена Могер.
Дарвоқе, Умид Исабаев Зеленский қиёфадоши сифатидаги саргузаштлари Москва метросида уни кимдир суратга олиб, ижтимоий тармоққа тарқатишидан бошланган эди.
«Яқинда Берлин метросида ҳам суратга туширишибди», дея қўшиб қўяди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter