Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин Алиевдан бошқа яна кимлардан узр сўраган?..

Путин Алиевдан бошқа яна кимлардан узр сўраган?..

Россия президенти Владимир Путин 28 декабрь куни Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотда Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида юз берган самолёт ҳалокати сабаб узрхоҳлик қилди. Путин фожиа Россия ҳаво ҳудудида юз бергани сабабли кечирим сўраган ва қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.

Azerbaijan Airlines компаниясига қарашли йўловчи самолёти 25 декабрь тонгида Оқтов яқинида қулаб тушганидан кейиноқ ўнлаб инсонлар ўлимига олиб келган авиаҳалокат Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг хатоси туфайли рўй бергани ҳақида тахмин ўртага чиққанди.

Россия президентининг узр сўраши Москва расмий идоралари рад этишга уринган версия ҳаққоний эканига ишора қилади.

Салкам чорак асрдан бери Россияга раҳбарлик қилиб келаётган Владимир Путин ўз сиёсий фаолияти мобайнида бир неча бор хорижий давлатлар етакчилари ҳамда одамлардан узр сўраган. Қуйида уларнинг айримларини эслаб ўтамиз.

2024 йил май ойида Хитойга давлат ташрифи билан борган Путин Москва ва Пекин ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 75 йиллигига аталган концертда нутқ сўзлаган. У нутқи давомида ўз фикрларини хитойчага ўгиришига имкон бермагани учун маҳаллий таржимондан узр сўраган.

«Узоқ гапирганим учун маъзур тутасиз... Ўзимни худди уйимдагидек ҳис қилиб, бу ерда ҳамма русча гапиради деб ўйлабман», – деган Путин. 

Россия раҳбарининг Чин юртига ушбу ташрифи яна бир узрхоҳлик билан ёдда қолган. Эртаси куни Путин Харбин шаҳри аҳолисидан унинг ташрифи муносабати билан кўрилган кучли хавфсизлик чоралари учун кечирим сўраган.

«Биз яқинда қайтиб кетамиз ва ҳаётингиз яна рисоладаги ўзанда давом этади», – деган у.

2023 йил декабрь ойида Путин Россия халқидан тухум нархи қимматлаб кетгани учун кечирим сўраган.

«Бу масалада таассуф ва узримни изҳор этаман. Бу ҳукумат ишидаги камчилик» деган сиёсатчи яқин муддатда муаммо ҳал этилишига ваъда берган.

2022 йил май ойида Кремль хўжайини мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Адольф Ҳитлернинг яҳудий насаби хусусидаги фикри учун Исроил бош вазири Нафтали Беннетдан кечирим сўраган. Лавров ўша йилнинг 1 май куни Италиянинг Mediaset телеканалига берган интервьюсида Ҳитлернинг томирида ҳам яҳудий қони оққани ҳақидаги тахминни илгари сурган, бу фикр Тель-Авивнинг кескин эътирозига сабаб бўлган эди.

2020 йил сентябрь ойида Путин Сербия президенти Александр Вучичдан кечирим сўрашига тўғри келган. Бунга эса Россия ташқи ишлар вазири расмий вакили Мария Захарованинг кинояли пости сабаб бўлган.

Гап шундаки, Сербия президенти ўшанда Вашингтон шаҳрида президент Дональд Трамп воситачилигида Косово етакчиси билан музокаралар олиб борган. Серб оммавий ахборот воситалари президент Вучичнинг Оқ уйда Трамп қаршисида ўтирган суратини эълон қилган. Россия ТИВ расмий вакили М.Захарова Фейсбукдаги саҳифасида Сербия президентининг ушбу суратини «Асосий инстинкт» фильмидаги бепардароқ саҳна билан муқояса этган ҳолда пост қолдирган. Бу эса расмий Белграднинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

2018 йил февраль ойида Путин Россия олимпия терма жамоасидан узр сўраган. Россия терма жамоаси ўша йили Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида бўлиб ўтган қишки Олимпиада ўйинларидан допинг можаролари сабаб четлатилган. Путин спортчиларни бу вазиятдан ҳимоя қила олмагани учун ўзини айбдордек ҳис этган.

2017 йил февраль ойида Путин туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғондан кечирим сўраган. Россия авиацияси Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги «жанговар вазифа»ни бажариш пайти хато туфайли Туркия ҳарбийларини ўққа тутгани ва оқибатда уч аскар ҳалок бўлгани Путинни расман узр сўрашга мажбур этган.

Эрдўғон Путин икки марта узр сўрашига тўғри келган ягона президент бўлса ажаб эмас. 2015 йил октябрь ойида Россия самолёти Туркия ҳаво сарҳадини рухсатсиз кесиб ўтгани ортидан Путин Эрдўғонга узрхоҳлик билдирган.

2013 йил апрель ойида Путин Иккинчи жаҳон уруши ветеранларидан урушга доир ёдгорликлар вайрон қилингани важидан кечирим сўраган. Ёдгорликларга зиён етказган вандалларни қоралаган сиёсатчи бу ҳамманинг умумий айби эканини қайд этган.

Германия канцлери Ангела Меркелнинг 2007 йил январь ойида Сочига ташрифи пайти можароли ҳодиса рўй берган. Меркель ва Путин суҳбатлашаётган хонага Россия президентининг «Кони» лақабли ити кириб келган. Меркель кейинроқ ўз хотираларида ўшанда ит қопиб олмасмикан дея юраги така-пука бўлганини ёзган. Германия канцлерига кўра, Путин у итдан қўрқишини билатуриб музокара хонасига кўппаги киришига атайин рухсат берган. Чунки Берлин бу ҳақда Москвани аввалдан огоҳлантирган бўлган. Путин эса Меркелнинг итдан қўрқишидан бехабар бўлганини айтган. 

«Ангела, илтимос, кечир мени. Қалбингга озор етказмоқчи эмас эдим. Аксинча, суҳбатимиз илиқ муҳитда ўтсин дегандим. Маъзур тутгайсан», – деган Путин кейинроқ. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг