Прокуратура Трампнинг қизини суриштиришни бошлаб юборди
Нью-Йорк прокуратураси АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампнинг қизи Иванкага нисбатан тергов ҳаракатларини бошлаб юборди. Бу ҳақда 20 ноябрь куни вазият билан яхши таниш манбага таяниб Американинг «New York Times» нашри хабар берди.
Таъкидланишича, Трампга қарши фирибгарлик бўйича маъмурий иш билан шуғулланаётган Нью-Йорк бош прокурори Летиция Жейм «Trump Organization»га Иванкага тўланган гонорар ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги сўровномани юборди.
Американинг амалдаги раҳбарига қарашли компания ҳам ушбу масала юзасидан жиноят ишини олиб бораётган Манхэттен округи прокурори Сайрус Вэнсдан шунга ўхшаш сўровномани олган.
Нашрнинг маълум қилишича, сентябрнинг охирида Трамп ўн йил давомида федерал даромад солиғини тўламаганлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгандан сўнг прокуратура ишга киришган. Компания солиқ ҳисоботида узоқ вақт давомида зиён кўрганлиги қайд этилган.
Умумий ҳисобда 2010 йилдан 2018 йилгача Трамп консалтинг хизматларига сарф қилинган харажатлар сифатида тахминан 26 миллион долларни ҳисобдан чиқариб ташлаган. Шунинг эвазига солиққа тортиладиган даромадларини сезиларли даражада камайтиришга муваффақ бўлган.
Энг қизиғи, сиёсатчининг компанияси хизматларидан фойдаланган маслаҳатчиларидан бири унинг қизи Иванка эканлиги маълум бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter