Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Польша президенти Ангела Меркель билан учрашишдан бош тортди

Польша президенти Ангела Меркель билан учрашишдан бош тортди

Фото: Google Images

Германия канцлери Ангела Меркелнинг Польша пойтахти Варшавага ҳукумат раҳбари сифатидаги сўнгги сафари дипломатик можаро билан ёдда қолди. 

Польша президенти Анжей Дуда Меркель билан аввалдан режалаштирилган учрашувни бекор қилди. Бу ҳол олмон матбуоти томонидан Меркелга нисбатан ҳақорат деб баҳоланди. 

Меркель хайрлашув сафари давомида Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлар раҳбарлари билан юзма-юз учрашди. Аммо ЕИ аъзоси бўлган Польша президентининг канцлер хоним билан учрашувга вақт топа олмагани турлича баҳоланмоқда.

Хабарларга қараганда, президент Дуда Берлиндаги сиёсий маслаҳатлашувга таклиф этилмагани учун шу тарзда ўч олди. Бошқа бир тахминга кўра, Польша раҳбари Германия ҳамда Россия ҳамкорлигида амалга татбиқ этилаётган «Шимолий оқим – 2» газ қувури лойиҳасига ўз норозилигини билдирган. Россия газини Германияга тўғридан-тўғри етказишга қаратилган мазкур лойиҳа расмий Варшаванинг эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Лойиҳанинг рўёбга чиқишида айнан Ангела Меркель жонбозлик кўрсатмоқда.

Польша матбуоти эса дипломатик можарода расмий Берлинни айбламоқда. Канцлер девонхонаси учрашув санасини аввалдан белгилаб, кейин бу ҳақда Польша президенти маъмуриятига маълум қилган. Яъни Берлин Варшавадан канцлер белгилаган кун тартибига риоя қилишни талаб этган.  Бу эса А.Дуданинг нафсониятига теккан бўлиши мумкин.

Польша расмий идоралари бу ҳолатни президентнинг кун тартиби тиғиз экани билан изоҳлаган.

Кузатувчиларга кўра, Польша ҳамда Германия ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар шиддат билан ривожланаётган бўлса-да, сиёсий жабҳада келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Варшавада ҳатто ЕИдан чиқиш ҳақида таклифлар янграмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил август ойида Ангела Меркелнинг Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашувида кутилмаган ҳолат юз берган, канцлернинг қўл телефони жиринглаб қолган эди. Бундан жаҳли чиққан Меркель телефонини чўнтагидан олиб рад этиш тугмасини босганди.

Ўтган йил март ойида эса Германия ички ишлар вазири Ҳорст Зееҳофер ўз раҳбари – канцлер Ангела Меркель билан қўл бериб кўришишдан бош тортган ва бу ҳодиса ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йилдан буён Германия ҳукуматига раҳбарлик қилиб келаётган Меркель жорий йил сентябрь ойи якунида ўтадиган сайловда қатнашмайди. У Христиан-демократлар иттифоқига Армин Лашет раис бўлиши ва айнан уни янги канцлер сифатида кўраётганини маълум қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг