Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Истанбул полицияси Истиқлол кўчасида бомба қолдирган шахсни қўлга олди

Истанбул полицияси Истиқлол кўчасида бомба қолдирган шахсни қўлга олди

Полиция Истанбулнинг Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасида бомба қолдирган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда 14 ноябр, душанба куни Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, Бейўғлида бомба қолдирган шахс Истанбул полиция бошқармаси томонидан қўлга олинган. Шунингдек, терговда ҳужум излари Сурияга олиб боришини кўрсатувчи далиллар мавжудлиги айтилган.

«Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, буйруқ Кобани (Суриянинг шимолидаги шаҳар)дан, ҳужумни уюштирган шахс эса Африн (Суриянинг шимоли-ғарбидаги шаҳар)дан келган», – деди Сойлу.

Бундан ташқари, портлашдан сўнг дарҳол полиция 21 кишини портлашга алоқадорликда гумон қилиб қўлга олган.

Терговчиларнинг далиллари портлаш PYD – «Демократик иттифоқ партияси» («Курдистон ишчилари партияси»террор ташкилотининг Суриядаги шўъбаси – «Халқ мудофааси отрядлари»нинг ҳарбий қаноти) томонидан уюштирилганини кўрсатмоқда.

Ҳибсга олинган шахснинг жинси ошкор этилмаган, бироқ аввалроқ Туркия президенти ҳужумни уюштирган шахс аёл эканлигини тасдиқлаган эди.

Вазир ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, ярадорларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

«Яна бир бор таъкидлайманки, бизни бу мусибатга дучор қилганлар тез орада янада қаттиқроқ жавоб оладилар», – дея қўшимча қилди вазир.

Маълумот учун, Истанбулда якшанба куни Беёғлу туманидаги сайёҳлик кўчаси бўлган Истиқлолда портлаш содир бўлган ва унда 6 киши ҳалок бўлиб, 81 киши яралангани айтилган эди.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Фаҳреттин Кожанинг айтишича, жабрланган 81 кишидан 39 нафари аллақачон шифохоналардан чиқарилган.

«Касалхонага ётқизилганлардан беш нафари реанимацияда, икки нафарининг аҳволи оғир», – дея қўшимча қилди вазир.

Мавзуга оид: Истанбулдаги портлаш қурбонлари сони 6 нафарга етди — Туркия президенти баёнот берди (видео)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг