Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пентагон махфий ҳужжатида Путиннинг хасталигига доир маълумот борлиги маълум бўлди

Пентагон махфий ҳужжатида Путиннинг хасталигига доир маълумот борлиги маълум бўлди

Фото: Getty Images

Ўтган ҳафта интернетга сиздирилган АҚШ махсус хизматларига тегишли махфий ҳужжатларни тадқиқ этиш давом этмоқда. Германия нашрлари АҚШ мудофаа вазирлиги вакиллари тайёрлагани айтилаётган ҳужжатлардан бирини ўрганиб чиқди. Унда Россия президенти Владимир Путин онкологик хасталикка чалингани баён қилинган.

Махфий ҳужжатда қайд этилишича, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва Россия армияси бош штаби раҳбари Валерий Герасимов Украина урушини тезроқ якунлаш учун саботаж уюштиришга ҳаракат қилган. Шу мақсадда улар Украинадаги қўшинни жанубга кўчиришни режалаштирган. Н.Патрушев ва В.Герасимов ушбу режани амалга ошириш учун Владимир Путин кимёвий муолажа оладиган 5 март санасини белгилаган. Кейинроқ бош штаб раҳбари ушбу режадан воз кечган. Махфий ҳужжатда ҳолатга доир бошқа тафсилотлар келтирилмаган. 

Ғарб матбуоти Путин касал экани ҳақида бир неча йилдан бери ёзиб келади. Масалан, АҚШнинг Newsweek нашри 2022 йилда жосуслик идорасидаги манбаларига таяниб Россия президенти кучайиб бораётган саратон хасталигига қарши муолажа курсини олгани ҳақида хабар берган эди.

Журналистик суриштирувларга ихтисослашган “Проект” нашри ҳам Путин саратон хасталигини жарроҳлик йўли билан даволовчи шифокорларнинг доимий кузатувида экани хусусида ёзган. Мазкур нашрга кўра, саратон хасталиги бўйича мутахассис Путиннинг Сочидаги қароргоҳига камида 35 марта борган.

70 ёшли В.Путиннинг шахсий ҳаёти ҳамда саломатлиги Россияда тақиқланган мавзулар сирасига киради. Расмий ОАВда мамлакат раҳбари мунтазам равишда спорт билан шуғулланувчи, соғлом ҳаёт тарзига одатланган шахс сифатида кўрсатилади. Унинг жиддий хасталикка чалингани хусусидаги хабарлар ҳам рад этиб келинади.

Маълумот ўрнида, АҚШ махсус хизматларига тегишли махфий маълумотлар 7 апрель куни интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Ахборот дайджести шаклида тайёрланган ҳужжатларда Украина ва Россиянинг ҳарбий салоҳияти, шунингдек, Хитой, Ҳинд–Тинч океани ва Яқин Шарқ минтақаларига доир маълумотлар акс этган.

Сўнгги хабарларга кўра, 13 апрель куни АҚШ Федерал тергов бюроси Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Жек Тейшейрани Пентагон махфий маълумотларини сиздириш гумони билан ҳибсга олди. 21 ёшли йигит Массачусетсда, Ҳарбий ҳаво кучлари 102-разведка бўлинмасида 2019 йилдан буён фаолият юритиб келган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг