Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 Ўзбекистонлик ёшларга «демократиянинг юраги»да ишлаш имконияти таклиф этилмоқда

 Ўзбекистонлик ёшларга «демократиянинг юраги»да ишлаш имконияти таклиф этилмоқда

Бундестагнинг Халқаро парламент стипендиясида 50 давлат қатнашмоқда.

Тошкентда  Германия Бундестаги таъсис этган Халқаро парламент стипендияси ғолибларини аниқлаш жараёни кетмоқда. Номзодларни саралаш учун юртимизга Бундестаг депутати Эрҳард Грундл бошчилигида делегация ташриф буюрди.

1 ноябрь куни Тошкентдаги Гёте институтида Халқаро парламент стипендияси (Internationales Parlaments-Stipendium des Deutschen Bundestages) тақдимоти ўтказилди.

Бундестаг президенти ҳомийлигида амалга ошириладиган 5 ойлик дастур ёш иқтидор эгаларига олмон парламенти тизими билан назарий ва амалий жиҳатдан танишиш имкониятини беради.

Келгуси йил учун режалаштирилган дастур 2024 йил 1 мартдан 31 июлга қадар давом этади.

«Халқаро парламент стипендияси ёш иқтидор эгаларига демократиянинг юраги бўлган Бундестагда ишлаш, малака ошириш имкониятини туҳфа этади. Анъанага кўра, ҳар йили дунёнинг 50 давлати вакилларига қарийб 120 та стипендия ажратилади. Дастур иштирокчилари Германия парламенти депутатларидан бирининг жамоасида фаолият олиб боради. Ўзбекистонлик ёшлар билан суҳбат жараёнида уларнинг илмий салоҳияти баланд, қизиқиш доираси кенг эканига амин бўлмоқдаман», – дейди депутат Эрҳард Грундл.

Германия парламенти депутати Эрҳард Грундл.

Танловда иштирок этиш талаблари қуйидагилардан иборат: Ўзбекистон фуқаролиги; тамомланган олий таълим; олмон тилини юқори даражада билиш (минимал B2); билим ва фуқаровий фаоллик; ёш чегараси: грант олиш вақтида 30 гача.

1986 йилда асос солинган дастур ўтган йиллар давомида иштирокчи давлатлар рўйхатини кенгайтириб бормоқда. Германия парламенти фаолияти ва қонун ижодкорлиги тизими билан яқиндан танишиш, демократик қадриятлар ва маданий хилма-хилликни англашни мустаҳкамлашга қаратилган дастур илмий-амалий семинарлар, қонунчилик идорасида амалиёт ва бошқа махсус тадбирларни ўз ичига олади.

Стипендия ғолиблари Берлиндаги университетларнинг ўқув тадбирларида қатнашиш имконини ҳам қўлга киритади.

Йўлкира, тураржой ва тиббий суғурта билан боғлиқ барча харажатлар ҳамда ойлик стипендия Бундестаг томонидан қопланади.

Берлиндаги Ҳумболдт, Техника ва Эркин университетлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётан дастур Германия ва иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли сиёсий сармоя деб баҳоланади. Дастурга доир қўшимча маълумотларни Бундестаг расмий сайтидан олиш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг