Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда улғайган курашчи «Украина қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди

Ўзбекистонда улғайган курашчи «Украина қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди

Қрим татарларининг етакчиси, Украина парламенти депутати Мустафо Жамилов 13 ноябрь куни, 80 ёшга тўлиши муносабати билан «Украина қаҳрамони» фахрий унвони билан тақдирланди. 

М.Жамиловни юксак унвон билан қутлаган президент Владимир Зеленский уни «ҳаётини халқи озодлигига бағишлаган кучли ва жасур инсон» деб атаган.

М.Жамилов эътироф учун ташаккур билдирар экан, ватани – Қримга қайтиш ва ўша ерда мангу ором топиш орзусида эканини билдирган.

Мустафо Жамилов 1943 йили Қримда туғилган. 1944 йили шўро ҳокимияти 250 мингдан зиёд қрим татарлари жамоасини ватанидан Марказий Осиё республикаларига сургун қилади. Очлик, ташналик, турли хасталиклар ҳамда она юрт фироқи сабаб уларнинг ярми йўлда вафот этади. Қрим татарларининг бир кечадан ватанидан бадарға этилиши инсоният тарихидаги энг мудҳиш амалиётларидан бири деб баҳоланади.

М.Жамилов оиласи Ўзбекистонга сургун қилинган. Шу тариқа унинг болалиги Тошкент ва Сирдарё вилоятларида кечган. М.Жамилов Гулистондаги мактабни битириб, бир муддат Тошкент авиация заводида фаолият юритган.

1969 йили маслакдошлари билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббус гуруҳини таъсис этган М.Жамилов аксилшўро фаолиятида айбланиб, олий ўқув юртидан ҳайдалган, етти бор маҳкамага тортилган. Умрининг жами 15 йилини қамоқда ўтказган. Таъқиб, тақиқ ва тазйиқларга қарамай, ўз халқи озодлиги йўлидаги курашни давом эттирган ва 1989 йили ватани Қримга қайтишга муваффақ бўлган. 2013 йилга қадар Қрим татар мажлисига раислик қилган.

2014 йили Қримнинг Россия таркибига қўшиб олинишига кескин қарши чиққан.

Россия ҳуқуқ идоралари қрим татарлари етакчисига қарши турли айбловлар бўйича жиноий иш қўзғаган, унинг Қримга кириши ҳам тақиқланган.

Инсон ҳақлари курашчиси Мустафо Жамилов БМТнинг Нансен мукофоти билан тақдирланган. Бир неча бор Нобель ҳамда Сахаров мукофотларига номзод ўлароқ кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Cамарқандда туғилган Рустем Умеров – Украина мудофаа вазири этиб тайинланганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг