Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон икки қўшниси билан Қамбарота ГЭС-1ни қуриш бўйича Битим имзолайди

Ўзбекистон икки қўшниси билан Қамбарота ГЭС-1ни қуриш бўйича Битим имзолайди

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Норин дарёсида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича тегишли битим тузишга тайёрланяпти. 

Тегишли уч томонлама ҳукуматлараро битим лойиҳаси Қозоғистоннинг «Очиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар» сайтида эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, Қамбарота ГЭС-1 қурилиши ва эксплуатацияси лойиҳасини амалга ошириш мақсадида акциядорлик жамияти ташкил этилади. Бунда Қирғизистон томонининг лойиҳадаги ва устав капиталидаги улуши 34 фоизни, Қозоғистон ва Ўзбекистон томони эса 33 фоизни ташкил қилади.

Томонларнинг лойиҳа доирасидаги ҳамкорлиги асосий тамойиллари эса Қамбарота ГЭС-1да ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг барча ҳажмини томонлар белгилаган ташкилотлар томонидан кафолатланган харид қилишдан иборат бўлади. Лойиҳа амалга оширилгач, Қамбарота ГЭС-1 акциялари ва активлари тўлиқ қирғиз томонининг мулкига ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январ ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика идоралари раҳбарлари Норин дарёсида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаган эди. Ўша йилнинг март ойида эса томонлар энергетика вазирликлари ГЭС қурилиши бўйича музокаралар ўтказган.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги Қамбарота ГЭС-1 Қирғизистондаги энг йирик электр станцияга айланиши ва унинг Марказий Осиё мамлакатларини электр энергияси билан таъминлашини, шунингдек, минтақанинг сув таъминотини барқарорлаштиришини таъкидлаган. ГЭСнинг қурилиши тахминан 5-6 миллиард долларга тушиши айтилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг