Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озарбайжон Украинага навбатдаги кўмакни йўллади

Озарбайжон Украинага навбатдаги кўмакни йўллади

Озарбайжон Украина томонининг сўровига асосан навбатдаги гуманитар кўмакни юборди. Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Украинадаги электр энергия таъминотини тиклашга ёрдам бериш мақсадида асосан электр ускуналар йўлланмоқда.

45 та трансформатор ҳамда 50 та генератордан иборат 52,2 тонна юк ортилган машиналар Қобу ҳудудидан йўлга чиққан. Умумий қиймати 1 миллион 422 минг манатни ташкил этувчи гуманитар кўмакнинг қолган қисми яқин кунларда навбатдаги автокарвон орқали етказилиши кутилмоқда.

Трансформатор ва генераторлар Украинанинг урушда талафот кўрган шифохона ва ижтимоий объектларида энергия таъминотини тиклашда истифода этилади.

Шу тариқа Боку томонидан Украинада юзага келган энергия инқирози муносабати билан йўлланган умумий гуманитар кўмак қиймати 30 миллион манатга етди. Бундан ташқари, сўнгги олти ой давомида Озарбайжоннинг турли тузилмалари ҳарбий босқинда жабр кўрган халққа кўмак кўрсатиб келмоқда. Масалан, урушда оила аъзоларини йўқотган 90 нафар украиналик болалар Озарбайжонга келтирилган ва уларга тиббий, ижтимоий-руҳий кўмак кўрсатилган. Бундан ташқари, Ирпень шаҳридаги бомбардимонда вайрон этилган 12-мактаб бутунлай қайта тикланган.

«Trend» агентлиги хабарига кўра, Украинанинг Бокудаги элчиси Владислав Каневский мушкул вазиятга кўрсатаётган кўмаги, етказиб бераётган озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий ва энергия ускуналари учун Озарбайжон аҳлига миннатдорлик билдирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг