Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озарбайжон Теҳрондаги дипломатларини эвакуация қилди

Озарбайжон Теҳрондаги дипломатларини эвакуация қилди

Теҳрондаги элчихонага ҳужум пайтида ҳалок бўлган Озарбайжоннинг Эрондаги элчихонаси ходимлари, уларнинг оила аъзолари ва хавфсизлик хизмати раҳбарининг жасади Бокуга олиб келинди.

Озарбайжон ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов Теҳрондан келганларни кутиб олиш маросимида матбуотга Теҳрондаги элчихонага уюштирилган ҳужум террорчилик ҳаракати эканлигини таъкидлади.

Вазир ўринбосари элчихонага қилинган ҳужум мутлақо кутилмаган ҳодиса бўлганини таъкидлаб: «Буни қабул қилиб бўлмайди. Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига кўра, ҳар бир давлат мамлакатдаги элчихоналар хавфсизлиги учун жавобгардир. Эрон ўз мажбуриятларига мувофиқ, террорчилик ҳаракатини ҳар томонлама ва шаффоф тарзда текшириши, айбдорлар ва уларнинг ортида турган кучларни аниқлаб, уларни жазолаши керак. Бу бизнинг Эрондан аниқ талабимиз. Эронга эса ишончимиз йўқ», – дейди.

Халафов, шунингдек, воқеага ойдинлик киритиш учун тегишли халқаро механизмлардан фойдаланишни режалаштираётганларини маълум қилиб, айни пайтда Эрондан дипломатларини мамлакатга эвакуация қилишга қарор қилинганини таъкидлади.

«Президентимиз Теҳрондаги элчихонани эвакуация қилишга қарор қилди. Бу қийин қарор бўлса-да, ҳозирги вазиятдан ва масъулиятдан келиб чиқиб қарор қилинди. Бизнинг уларга нисбатан умидимиз ҳам, ишончимиз ҳам йўқ», – дейди у.

Озарбайжон ТИВ мутасаддисининг маълум қилишича, Теҳрондаги элчихонанинг дипломатик фаолияти бутунлай тўхтатилган. Бино ва мулкни қўриқлаш учун 5 киши қолган, аммо улар дипломатик фаолият билан шуғулланмайди. Мамлакатнинг Табриздаги Бош консуллиги эса фаолиятини давом эттирмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг