Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Оқ уй ёнмоқда» – Бишкекда намойишчилар президент маъмурияти биносини эгаллашди

«Оқ уй ёнмоқда» – Бишкекда намойишчилар президент маъмурияти биносини эгаллашди

Фото: «РИА Новости»

Кеча, 5 октябр куни Бишкек марказида сайловларда республика парламентига кира олмаган партиялар тарафдорларининг норозилик намойишлари бошланди. Улардан бирига Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Сейитбек Атамбаев етакчилигидаги социал-демократлар бошчилик қилаётгани айтилади. Намойишчилар мамлакатда ўтган сайлов натижаларини бекор қилишни ва қайта овоз беришни талаб қилишмоқда.

Кечга бориб намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар бошланган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тўқнашувларда 120 дан ортиқ киши жароҳат олган.

Сешанба куни тунда Қирғизистон парламенти ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уй биносига намойишчилар бостириб киришди.

Шунингдек, намойишчилар собиқ президент Алмазбек Атамбаевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан озод қилишгани айтилмоқда.

Ярим тунда эса намойишчилар томонидан тортиб олинган Оқ уйда ёнғин содир бўлган. Баъзи нашрларда бинода ёнғин бир неча қаватга тарқалгани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда бир кун олдин парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, «Биримдик», «Мекеним Киргизстан», «Киргизстан» ва «Бутун Киргизстан» партиялари етарли овоз тўплай олган. Сайловда қатнашган 12 партиядан 11 таси натижаларни тан олмаган. Ҳукмрон «Биримдик» партияси эса қайта сайловлар ўтказишга рози бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг