Онлайн-лекция пайтида муаллима вафот этди
Аргентинада «Zoom» орқали ўтаётган онлайн-лекция пайтида де ла Эмпреса университети муаллимаси ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда маҳаллий «Clarin» нашри хабар берган.
Ҳодиса ўтган чоршанба куни содир бўлган. Нашрнинг маълум қилишича, 46 ёшли Паола де Симоне талабаларга онлайн-лекция ўтаётган вақтда бўғила бошлаган, кўп ўтмай у ҳушидан кетиб, вафот этган.
Хабарларга кўра, хуруж бошлангандан сўнг талабалар тез ёрдам чақириш учун де Симоненинг манзилини аниқлашга уринишган. Лекин аёл яшаш манзилини айтишга улгурмаган.
Нашрнинг ёзишича, августнинг охирида де Симоне «Twitter»даги саҳифаси орқали бир ой аввал унда коронавирус аломатлари кузатилганини маълум қилганди.
Аввалроқ Аргентина ҳукумати коронавирус туфайли жорий этилган карантин қоидаларини 20 сентябргача узайтиришга қарор қилди.
«Worldometers» ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йил 6 сентябрь соат 9:30 да мамлакатда коронавирусга чалинган 471 806 киши қайд этилган, 9 739 киши ҳаётдан кўз юмган, 340 381 нафар бемор тузалган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter