NYT: Россияга уч давлат санкцияларни четлаб ўтишда кўмак бермоқда
Россия Ғарб давлатлари жорий қилган санкцияларга қарамай, воситачилар орқали зарур ускуна ва эҳтиёт қисмларни сотиб олишда давом этмоқда. Бу ҳақда DW нашри The New York Times газетасига таяниб хабар берди.
Суриштирувлар жараёнида Хитой, Марокаш ва Туркиядаги компаниялар Россияга технологиялар ва эҳтиёт қисмлар етказиш борасидаги глобал тақиқларни бузаётгани маълум бўлган.
Москва Ғарбда ишлаб чиқарилган телекоммуникация ускуналари ҳамда микрочипларни ушбу давлатлардаги воситачилар орқали сотиб олган. Масалан, Марокашнинг Танжер-Мед порти орқали Cisco, HP, Juniper, Ericsson, Nokia каби ширкатлар моллари рус ўлкасига етказилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Кремлнинг Украинага босқинчилик уруши бошланган 2022 йил февралдан буён биргина Россиянинг Nag интернет дўкони орқали АҚШдан 100 миллион долларлик, Хитойдан эса 150 миллион долларлик юқори технология маҳсулотлари олди-сотдиси амалга оширилган.
Аниқланишича, АҚШнинг Cisco ширкати ишлаб чиқарган ва Россияга сотилиши тақиқланган телекоммуникация ускуналари Федерал хавфсизлик хизматининг Екатеринбургдаги бошқармасига ўрнатилган.
The New York Times хулосасига қараганда, Россия уруш бошланганидан буён 22 ой давомида керакли технологиялар, жумладан, телекоммуникация ускуналари, кузатув мосламалари, микрочиплар, қурол ва дронларни айланма йўллар орқали сотиб олишнинг уддасидан чиқмоқда.
Жорий йил март ойида Bloomberg агентлиги ҳам Россия Европа Иттифоқи ва “Катта еттилик” (G7) жорий қилган санкцияларни айланиб ўтган ҳолда, Украинага қарши урушда ишлатиш учун яримўтказгичлар ва бошқа технологияларни сотиб олаётгани ҳақида ёзган эди.
ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Financial Times газетасига берган интервьюсида Россияга бу борада қўшни давлатлар ёрдам бераётгани ҳақида гапирган.
Украина босқини ортидан Россияга нисбатан минглаб санкция жорий этилган. Мамлакат бу борада Эрон ва Шимолий Кореяни ҳам ортда қолдирди.
Аввалроқ ўзбекистонлик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов санкцияларнинг Россия келажагига таъсирини баҳолаб, молиявий жазо чоралари ортидан Москванинг Пекинга қарамлиги ортишини башорат қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter