Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ТИВ Россиядаги мигрантларнинг ҳуқуқлари юзасидан хавотир билдирди

Ўзбекистон ТИВ Россиядаги мигрантларнинг ҳуқуқлари юзасидан хавотир билдирди

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўринбосари Б.Усмонов Россиянинг мамлакатимиздаги элчиси О.Мальгинов билан учрашув ўтказди.

Томонлар кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида олий ва юқори даражадаги бўлажак тадбирлар жадвалини келишиб олдилар.

Шунингдек, миграция соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган: Ўзбекистон фуқароларини Россияда ишлаш учун ташкилий жалб этиш масалаларини тартибга солиш юзасидан икки томонлама ишчи гуруҳ ҳар ой мунтазам йиғилишлар ўтказмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, консуллик хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга, шунингдек меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди. Буларга фуқароларнинг жўнаб кетишидан олдинги тил ва касбий тайёргарлик, рухсат бериш тартиб-таомилларининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга ошириш ва қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш каби масалалар киради.

Музокаралар давомида Ўзбекистон томони Россия томонининг эътиборини Россия Федерациясида Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муомала ҳолатлари ҳақидаги кўпайиб бораётган хабарларга қаратди.

Бундай ҳолатлар Россия ҳудудида меҳнат фаолияти олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш ҳисобланиши, бу ҳуқуқ ва эркинликлар эса яшаб турган мамлакат қонунчилиги асосида таъминланиши лозимлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан, кўтарилган масалани синчковлик билан ўрганиш ва Ўзбекистон томонининг хавотирларини Россия Федерациясининг тегишли ваколатли органларига етказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг икки мамлакат ҳудудидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ўзаро таъминлаш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг