Нурсултондаги кўприк шифокорларнинг суратлари билан безатилди (видео)
Қозоғистонда Есиль дарёси узра «Балиқ-кўприк» деб номланувчи вело-пиёдалар кўпригида шифокорларнинг фотосуратлари пайдо бўлди. Бу ҳақда «Tengrinews.kz» хабар берди.
Бастилия операсининг замонавий фасадини шифокорларнинг портретлари билан безатган француз замонавий рассоми ишларидан илҳомланган фотосуратчи Руслан Мазунин ва унинг дўстлари пойтахтда ҳам шундай асарни яратишга қарор қилишди.
Руслан Мазуниннинг сўзларига кўра, у соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Багдат Кожахметовга мурожаат қилган: расмийлар унинг ғоясини қўллаб-қувватлашган. Нурсултон инфекцион госпитали шифокорлари билан фотосессия ўтказган.
Фотосуратчи видеоролик яратиб, ундаги шифокорларнинг расмларини машҳур журнал муқовасига жойлади. Йигит фото кўргазма ташкил этиш нияти борлигини билдирганди. Клип жуда тез оммалашиб кетди ва ижтимоий тармоқларда уни қўллаб-қувватловчилар кундан-кунга кўпаймоқда.
Фотограф Руслан Мазунин томонидан ташкил этилган ушбу кўргазмадан кўзланган мақсад — эзгулик. Лойиҳа муаллифининг таъкидлашича, шифокорларнинг табассуми — Covid-19 устидан тез орада ғалаба қозониш сари умид бағишлайди, деб ёзади platforma.uz.
Аслида бундай хайрли ташаббуслар дунёнинг кўплаб давлатларида пандемия бошлангандан буён узлуксиз амалга ошириб келинмоқда. Ҳайкаллар, хотира ёдгорликлари ўрнатилмоқда, бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олиняпти.
Жумладан, Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши курашда жонини жабборга бериб меҳнат қилаётган азиз ака-укаларимиз, опа-сингилларимизнинг меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўчалар, бинолар пештоқлари, ойнаи жаҳон, ижтимоий тармоқлар орқали уларга миннатдорчилик билдирилган роликлар, миннатдорлик сўзлари бериб бориляпти. Бундан фақат қувониш керак. Ижодкорлар эса шифокору ҳамширалар, санитарлар, фельдшерлар, тез ёрдам машиналари ҳайдовчиларидан тортиб қоровулларгача, барчасини кайфиятини, кўнглини кўтарадиган оригинал ғояларни топишдан асло чарчамаслиги шарт. Ёзувчилар, шоирлар, режиссёрлар, санъаткорлар, журналистлар, блогерлар... эса биринчи сафларда туриб, бунинг биринчи генераторларига айланишлари лозим.
Улардан бундай маънавий далдани нафақат тождор вирусга қарши жанг олиб бораётганлар, балки уларнинг атрофидагилар ҳам албатта кутмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter