Навальний Россия–Украина уруши қандай якунланишини айтди
Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши ҳеч бир асосда оқлаб бўлмайдиган адолатсиз урушни бошлади. Энди эса у ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун бошлаган урушга «халқ хоҳиш-иродаси» деган тўнни кийдиришга уринмоқда, деб ёзди озодликдан маҳрум этиш муассасасида жазо ўтаётган Алексей Навальний.
Путиннинг ашаддий танқидчиси саналган мухолиф сиёсатчи Украина урушига бир йил тўлаётган кунларда чоп этган постида Россиянинг эртанги куни қандай бўлишига доир мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашган.
Навальний Россиядаги сиёсий-иқтисодий муаммолар ва Путиннинг олий ҳокимиятда кўпроқ қолиш истагини урушнинг асосий сабаби ўлароқ келтирган. Унга кўра, Путин тарихга янги ҳудудларни эгаллаган подшоҳ сифатида кирмоқчи.
Қайд этилишича, 2022 йил 24 февраль куни бошланган босқинчилик уруши минглаб бегуноҳ украинларнинг бевақт ўлимига, миллионлаб инсонларнинг азоб-уқубатига сабаб бўлди. Украина шаҳарлари вайрон этилди, ҳарбий жиноятлар амалга оширилди. Айни чоқда, ўн минглаб рус аскарлари қурбон этилди.
«Муқаррар ҳарбий мағлубиятни яна юз минглаб сафарбар аскарлар жони эвазига бироз ортга суриш мумкин, лекин ундан барибир қочиб қутулиб бўлмайди... Кремлнинг ўт очишни тўхтатиш ва музокара ўтказиш ҳақидаги сохта ва мунофиқона чақириқлари ҳам ҳарбий ҳаракатлар истиқболи қандай эканини кўрсатиб турибди», – деб ёзди Навальний.
Путин маъмурияти Украинанинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ тан олинган чегараларига эътироз билдириб, ҳудудларга даъво қилиб келаётгани сир эмас. Сиёсатчи бу масалага ҳам ўз муносабатини билдирган.
«Украинанинг чегаралари қандай? Худди Россияники каби 1991 йилда белгиланган ва халқаро миқёсда тан олинган тарзда. Ўшанда биз, Россия ҳам уни тан олган эдик. Россия бу чегараларни ҳозир ҳам тан олиши керак. Бу масалада муҳокамага ўрин йўқ. Дунёдаги барча чегараларда тасодифлар мавжуд ва улар барчага бирдек маъқул келмайди. Лекин XXI асрда чегараларни ўзгартириш учун уруш очиш мумкин эмас. Акс ҳолда дунё бошбошдоқликка юз тутади», – деб ёзди сиёсатчи.
Навальний империячилик кайфияти мамлакатни ҳалокатга етаклашидан ҳам огоҳлантирган.
«Россияга янги ерлар керакми ўзи? Россия – аҳолиси тобора қисқараётган, музофотлари путурдан кетаётган улкан мамлакат. Империячилик кайфияти ва олчоқларча янги ҳудудларга кўз тикиш энг зарарли ва ҳалокатли йўлдир», – дея мулоҳазаларини давом эттиради у.
Навальнийнинг фикрича, Россия зудлик билан Украинадан қўшинини олиб чиқиши, халқаро ҳамжамият билан биргаликда қўшни давлатга етказилган зарарни қоплаш йўллари қидирилиши керак.
Россия ҳозирги мушкул вазиятдан халос бўлиш учун нима қилиши керак?
Навальний таъбирича, Путин диктатурасига барҳам берилиши, эркин сайловлар ўтказилиши, мамлакатда парламент республикаси тизими жорий этилиши, бошқарув иқтисодий эркинлик ва ижтимоий адолат тамойилларига таяниши лозим.
«Ўз тарихимиз ва анъаналаримизни идрок этган ҳолда, биз Европанинг бир қисми бўлишимиз ва европача тараққиёт йўлидан юришимиз керак. Бошқа йўлимиз йўқ, бошқа йўл бизга керак ҳам эмас», – деб хулоса ясайди А.Навальний.
Аввал хабар берганимиздек, Алексей Навальний 2022 йил 30 сентябрь куни «The Washington Post» газетасида чоп этилган мақоласида ҳам империяча авторитаризмни замонавий Россия учун тавқилаънат деб атаган ва мамлакат парламент республикасига айланиши кераклигини уқтирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Германияда даволанган Навальний 2021 йил 17 январь куни Москвага қайтганида аэропортдаёқ ҳибсга олинган.
2022 йилнинг март ойида Москва маҳкамаси А.Навальнийни фирибгарлик жиноятида айбдор деб топиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этган. Мухолифатчи айбловларни рад этган ва сиёсий фаолияти сабаб таъқибга учраётганини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter