Навальний неча йилга қамалади — «Bloomberg» талқини
Алексей Навальний умумий ҳисобда 13,5 йилни панжара ортида ўтказиши мумкин. Бу ҳақда «Bloomberg» агентлиги РФ президенти администрациясига яқин манбаларига асосланиб хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, 2 февраль куни ўтадиган суд мухолифатчига 3,5 йил қамоқ жазоси бериши, вақти келиб, бошқа иш бўйича яна 10 йил қўшиши мумкин.
2020 йил декабрида Навальний Коррупцияга қарши курашиш фонди хайриялари бўйича йирик фирибгарлик ишида фигурантлардан бири сифатида айбланган. Шундай экан, сиёсатчига қўшимча ўн йил бериб юборишлари мумкин.
Москва Навальнийнинг қайтишига умид қилмаганди, ёзади «Bloomberg», мухолифатчи қайтишга қарор қилгач эса Кремль «ҳимоя позицияси»га ўтиб олди. Агентлик қўшимча қилишича, шу йил кузида бўлажак Давлат думасига сайловлар арафасида Кремль жамиятда босим кучайиб кетиши эҳтимолини ҳам ҳисобга олади.
Эслатиб ўтамиз, Германияда даволанган Алексей Навальний Россияга қайтгач, аэропортдаёқ қўлга олинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter