Навальний даволанган шифохона бош шифокори бедарак йўқолди
Омск вилояти соғлиқни сақлаш вазири, Алексей Навалний заҳарланишдан кейин ётган Омскдаги 1-сонли шошилинч тиббий ёрдам шифохонасининг собиқ бош шифокори Александр Мураховский изсиз ғойиб бўлди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб Коммерсант хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, Мураховский 7 май куни соат 16:00 атрофида квадроциклда ўрмонга борган. Ушбу квадроцикл эса Болшеуковский вилоятининг ботқоқларидан бирида топилган.
«Дождь» телеканали Александр Мураховскийнинг рафиқаси билан телефон орқали боғланган. Бироқ у воқеа юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
Эътиборлиси, февраль ойида Александр Мураховскийнинг анестезиология ва реанимация бўйича собиқ ўринбосари Сергей Максимишин 55 ёшида вафот этди. Ўлимига юрак хуружи сабаб бўлгани айтилди. Кейинчалик март ойида Омск шифохонасининг травматология ва ортопедия бўлими бошлиғи Рустам Агишев 63 ёшда ҳаётдан кўз юмди. Ўлим сабаби мияга қон қуйилиши дея кўрсатилган.
Алексей Навальний 2020 йил 20 августда Томскдан Москвага учаётган самолётда ҳушини йўқотганидан сўнг шошилинч равишда Омск шифохонасига ётқизилганди. Омсклик шифокорлар заҳарланишни истисно қилишиб, унга метаболик касалликлари ташхисини қўйишган.
Сиёсатчининг оиласи уни Омск шифохонасидан Берлин клиникасига кўчиришни талаб қилишган. Натижада 22 август куни Навальний ҳушсиз ҳолатида Берлинга кўчириб ўтказилган. Аввалги ташхислардан фарқли ўлароқ немис шифокорлари унинг заҳарланганлигини тасдиқлашди.
Ушбу воқеалардан сўнг Навальний 31 январь куни Москвага қайтиб келди ва дарҳол Шереметьево аэропортида ҳибсга олинди. 2 февраль куни суд «Ив Роше» иши доирасида қарор қабул қилди ва унга кўра сиёсатчи 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Аммо уй қамоғида ўтказилган 10 ойлик муддатни ҳисобга олган ҳолда у умумий тартибдаги колонияда 2 йилу 8 ойни ўтказади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter