Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Можароларни хушламайдиган мамлакат. Бундан роппа-роса 50 йил аввал Ўмонда муҳим ҳодиса рўй берган эди...

Можароларни хушламайдиган мамлакат. Бундан роппа-роса 50 йил аввал Ўмонда муҳим ҳодиса рўй берган эди...

Жаҳон иқтисодий форуми Ўмонни сайёрамизнинг энг хавфсиз давлатларидан бири деб тан олган. Глобал рейтингда султонлик Исландиядан кейин иккинчи ўринда қайд этилган.

Фото: «Omannews.gov.om»

Арабистон яриморолининг жануби-шарқида жойлашган Ўмон султонлиги қўшни диёрлардан бир жиҳати билан алоҳида ажралиб туради: минтақадаги қардош эл-элатлар ўзаро ихтилофга бориб, бир-бирига қурол ўқталаётган бир пайтда мамлакат ҳар қандай вазиятда ҳам низоларни музокара йўли билан ҳал этиш мумкинлигини исботлаб келмоқда, таъбир жоиз бўлса, тинчлик маданияти борасида ўрнак кўрсатмоқда.

Бугун, 18 ноябрь куни Ўмон султонлиги миллий тикланиш ҳамда уйғонишнинг 50 йиллигини тантана қилмоқда. Бу йилги байрам ўтган йилгидан хийла фарқланади. Зотан, мамлакатни 1970 йилдан буён, 50 йил давомида идора этиб келган Султон Қобус бин Саид аъло ҳазратлари жорий йил бошида вафот этди. Миллий байрам баҳонасида ўмонликлар ривожланган замонавий давлатга асос солган марҳум ҳукмдорни ҳам эҳтиром ила ёдга оладилар.  

Ўмонни 2020 йил 11 январдан буён янги давр давлат арбоби, Оксфорд университетида таҳсил кўрган Султон Ҳайсам бин Ториқ идора этмоқда. Фото: «Omannews.gov.om»

Ҳокимият ўзгариши ёхуд миллат қандай тобланади?

2020 йил 10 январь куни Султон Қобус бин Саид вафот этди. Ушбу ҳодиса нафақат Ўмон, балки араб ва ислом олами учун катта фожиа ўлароқ баҳоланди. Одатда, мусибат кезлари давлат ва улус саросима ичида қолади. Аммо ўмонликлар фавқулодда якдиллик ва бирдамлик намунасини кўрсатдилар. Марҳум ҳукмдорнинг васиятига кўра, олий хонадон вакили Султон Ҳайсам бин Ториқ аъло ҳазратлари давлат раҳбари сифатида фаолиятга киришди. Шу тариқа Ўмонда ҳокимият талотўпларсиз, силлиқ тарзда алмашди.

Султон Ҳайсам бин Ториқ ҳокимиятни эгаллаганидан кейинги дастлабки ойлардаёқ “Ўмон нигоҳи-2040” дастури бўйича белгиланган мақсад-вазифаларни жадаллаштириш, давлат бошқарув аппаратини қайта қуриб, турли соҳаларни янгилашга киришди.

Дунёнинг юзлаб мамлакатларига улкан синов бўлиб келган COVID-19 пандемияси Ўмон раҳбариятидан ҳам жиддий чоралар кўришни тақозо этди. Коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида ҳайъат ва жамғармалар тузилди.  Пандемия энг аввало иқтисодий секторга зарба бергани сир эмас. Султонликда ҳам ҳукумат томонидан хусусий сектор ва компанияларга қулайлик ва имкониятлар яратилди. Фавқулодда ҳолатларда бериладиган кредитлар дастури бўйича коронавирус тарқалишидан энг кўп зарар кўрган тадбиркорлар ҳамда аёлларга кўмак кўрсатилди.

Пандемия ҳамда қора олтин нархининг пасайиши султонлик иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатди.  Бу эса ҳукуматни бир қатор дадил чораларни кўришга ундади. Бу борада султонликнинг молиявий барқарорлиги қоидаларини белгилаш, давлат қарзини камайтириш ва харажатлар самарадорлигини оширишга қаратилган бир неча ташаббус ва дастурларни ўз ичига олган ўрта муддатли фискал баланс режаси (2020–2024) эълон қилинди. Ушбу иқтисодий режада молиявий қийинчиликларга қарши туриш қобилиятини кучайтириш, ташқи қарзни камайтириш, давлатнинг нефтдан бўлмаган соҳаларда даромадини ошириш, нодавлат тармоқлардан даромадларни кўпайтириш, давлат молиявий захираларини кучайтириш каби вазифалар кўзда тутилган.

Сирасини айтганда, мавжуд молиявий муаммолар ҳамда пандемия ҳолати Ўмон халқини янада якдил бўлишга ундамоқда, миллат сифатида тобламоқда.

Ўмоннинг қадим тарих ва гўзал табиат уйғунлигидаги шаҳар ва қасабаларига ҳар йили уч миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюради. Фото: «Omannews.gov.om»

Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади

Объективлик, бетарафлик, халқаро ҳуқуқ меъёрларини ҳурмат қилиш, бошқаларнинг ички ишларига аралашмаслик, давлатларнинг яхлитлиги, суверенитети ва барқарорлигини сақлаш Ўмон султонлиги ташқи сиёсатида муҳим тамойиллар ўлароқ белгиланган. Таъбир жоиз бўлса, «Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади» тамойили давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ўмоннинг янги раҳбари Султон Ҳайсам бин Ториқ ҳам илк нутқида миллатлар ва халқларнинг тинч-тотув яшаши, яхши қўшничилик ва бошқаларнинг ички ишларига аралашмаслик ташқи сиёсатнинг асосий тамойиллари бўлиб қолишини маълум қилди. Айни чоғда, марҳум Султон Қобус бин Саид олиб борган сиёсат давом эттирилиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, Ўмон сўнгги ўн йилликлар давомида Яқин Шарқ ва дунёда хавфсизлик ва барқарорликка эришиш, зўравонлик, қонли можаролар ва урушлар олдини олиш, ривожланиш ва тинчлик маданиятини тарғиб этиш тамойилини шакллантирди. Султонлик кўплаб низоларни тинч йўли билан ҳал этишга катта ҳисса қўшди.

С.Салим тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг