Мексикада 7 нафар ўзбекистонлик тутқунликдан қутқарилди. Улардан пул талаб қилинган
Мексиканинг Дуранго штати Гомес Паласио шаҳрида тутқунликда ушлаб турилган бир гуруҳ осиёлик муҳожир штат полицияси томонидан қутқарилди. Бу ҳақда Milenio нашри маълум қилмоқда.
Нашр берган маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқаролари бўлган 7 нафар шахс – беш эркак, бир аёл ва бир нафар вояга етмаган бола бир гуруҳ шахслар томонидан пул талаб қилиниб Ринcонада Вилла Наполес ҳудудидаги уйларнинг бирида ноқонуний ушлаб турилган.
Маҳаллий полициянинг аниқлик киритишича, мазкур гуруҳ аъзолари тутуқунларни ушбу манзилда аёл киши назорати остида қолдирган ва озодлиги эвазига улардан 1 200 АҚШ доллари талаб қилишган.
Маҳаллий полиция ҳолатдан 911 қисқа рақами орқали хабар топган ва тезкор рейдда ўзбекистонлик муҳожирлар қутқарилган. Уларни уйида тутқунликда сақлаган аёл эса тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган.
Маълум бўлишича, муҳожирлар Мехикодан (Мексика пойтахти, -таҳр.) автобусга ўтириб, Қуйи Калифорния штатига, у ердан эса АҚШнинг Калифорния штатига ноқонуний равишда ўтиб кетишни режалаштирган.Улар йўлда, яъни Гомес Паласио шаҳрида, вақтинчалик уйда тўхтаганларида эса юқоридаги вазиятга дучор бўлишган.
Айни пайтда ўзбекистонлик муҳожирлар ҳуқуқий ёрдам ва ҳимоя олишлари учун Миллий миграция институти ихтиёрига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДХХ томонидан Мексика орқали АҚШга жўнатмоқчи бўлган айрим шахсларнинг қўлга олингани ҳақида хабар (1,2,3-ҳолат)лар берилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter